Давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлиги – коррупцияга қарши курашишнинг муҳим омили

Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида жорий йилнинг 30 март куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2752-сонли Қарори ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг 1-сонли мажлиси қарорларининг ижросини таъминлаш мақсадида 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда нодавлат ташкилотларининг фаол иштирокини ҳамда ушбу йўналишда давлат органлари билан яқин ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида “Нодавлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмларини жорий этиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. 

Давра суҳбатида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши бўлими мудирлари, тармоқ касаба уюшмалари масъул ташкилотчилари, шаҳар ва туман кенгашлари раислари, бошланғич касаба уюшма қўмита раислари иштирок этдилар.

Тадбирни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Ғ.Сафаров кириш сўзи билан очиб, 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича ўткан даврда амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.

Шунингдек, касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан 2017 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ёшлар Иттифоқи ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда жойларда 88 марта турли мавзуларда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилиб, шундан 51 таси меҳнат жамоаларида, 27 таси қишлоқ ва маҳалла фуқаролари йиғинларида ташкил этилганлиги, 4 маротаба телевидение орқали, 5 маротаба интернет орқали чиқишлар қилинганлиги ва даврий нашрларга материаллар бериб борилганлиги, хусусан, коррупцияга қарши курашиш бўйича Дастур ижросини таъминлаш бўйича 50 дан ортиқ тадбирлар амалга оширилганлигини таъкидлаб ўтилди.

Шундан сўнг, вилоят прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Ш.Мамаризаев “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2752-сонли қароридан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан маъруза қилди.

Маърузачи вилоят прокуратураси томонидан амалга оширилаётган ишлар, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда
2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан амалга ошириладиган муҳим вазифалар ҳақида гапириб ўтди.

Давра суҳбати дастурига асосан Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши юридик бўлими мудири Ж.Мубораков “Нодавлат нотижорат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш самарали механизмларини жорий этиш орқали амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” маъруза ўқиди ва нодавлат ташкилотлрида коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизм ва воситалари тўғрисида давра суҳбати иштирокчиларига батафсил маълумот берди.

Тадбир давомида Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Бухоро вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Б.Бахромов “Коррупцияга қарши курашишда давлат органлари билан касаба уюшмалари ташкилотларининг  ўзаро ҳамкорлиги тўғрисида” маъруза қилиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.  

Давра суҳбати  савол-жавоб ва мунозара тарзида ташкил этилиб, иштирокчилар томонидан мавзу юзасидан мулоҳазалар билдирилди, маърузачиларга саволлар йўлланди.

Жумладан, “Шоҳруд” АЖ бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси З.Жўраева томонидан вилоят прокуратураси масъул ходимига тадбир мавзусига оид савол билан мурожаат қилинди.

Давра суҳбати давомида 2018 йилда ҳам касаба уюшмалари ташкилотлари коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурини амалга оширишга кўмаклашишда прокуратура органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни кучайтириб, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориши таъкидлаб ўтилди.

Давра суҳбатида 50 нафар касаба уюшма фаоллари қатнашди.

А.Ахмедов, вилоят касаба уюшмалари

ташкилотлари бирлашмаси кенгаши

ташкилий ишлар бўлими мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email