“Қалқон” — жамоаси ғолиб!
Ёшларда ватанпарварлик руҳини шакллантириш, уларни давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида хизматини ўташ, ҳарбий билим юртларига ўқишга кириш учун руҳан ва жис монан тайёрлаш, улар ўртасида Ватанга муҳаббат, ҳарбий ватанпарварлик ғояларини тарғиб қилиш, ёш авлодда давлат чегараларининг дахлсизлиги, Ватанимиз хавфсизлигини таьминлаш учун масъулиятни янада кучайтириш мақсадида ҳар йили анъанага мувофиқ “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси ўтказилиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 5 апрель куни Бухоро шаҳридаги ҳарбий қисмда “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати давлат чегарасини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий қисми, “Ёшлар иттифоқи” вилоят кенгаши, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар кенгаши, вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур беллашувда иштирокчилар 15 та шарт бўйича ўзаро беллашдилар.
Жумладан, жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик, сиёсий-ҳуқуқий фанлар, чет тили ва Биринчи Президентимизнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китоби мавзуси бўйича билим даражалари синовдан ўтказилди.
Мазкур мусобақада 60 нафардан ортиқ “Ёш чегарачилар” клуби аъзолари ҳамда 50 нафардан ортиқ кўнгилли ёшлар жалб этилди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда Когон шаҳар саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг “Қалқон”, Когон туман маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг “Ёш курсантлар”, Олот политехника ва сервис касб-ҳунар коллежининг “Аланга”, Қоракўл нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежининг “Қалқон”, Ромитан педагогика касб-ҳунар коллежининг “Темурийлар авлоди” ҳамда Ғиждувон туман маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг “Темурий” жамоалари иштирок этишди.
Мусобақа натижаларига кўра Когон шаҳар саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг “Қалқон” жамоаси 1-ўринни, Когон туман маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг “Ёш курсантлар” жамоаси 2-ўринни ҳамда Қоракўл нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежининг “Қалқон” жамоаси 3-ўринни эгаллашди. Шунингдек, бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари ва дипломлари билан тақдирландилар.
1-ўринни эгаллаган Когон шаҳар саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг “Қалқон” жамоаси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Республика босқичига қатнашиш йўлланмасини қўлга киритди.
Туроб ҚУЛИЕВ,
Ўзбекистон давлат муассасалари ва
жамоат хизмати ходимлари касаба
уюшмаси Бухоро шаҳар кенгаши раиси