ИЖТИМОИЙ СУҒУРТА БЎЛИМИ БЎЙИЧА САВОЛ-ЖАВОБЛАР
- Савол: Касаба уюшмаларидан санаторийларга йўлланмалар қандай тартибда олиш мумкин?
Жавоб: Касаба уюшмаларидан санаторий йўлланмаларини ходимлар ўзлари ишлаб турган корхона, ташкилот ва муассасалар касаба уюшмаларидан олиши мумкин.
- Савол: Ҳеч қаерда ишламайдиган фуқаролар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга йўлланмалар олиши мумкинми?
Жавоб: Ҳеч қаерда ишламайдиган фуқаролар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга йўлланмаларни ишловчи яқин қариндошлари (ота-онаси, фарзанди ёки турмуш ўртоғи) орқали уларнинг иш жойидаги касаба уюшмалари аъзолик бадаллари ҳисобидан йўлланма нархини қисман (45%) ёки тўлиқ тўлаш йўли билан олиши мумкин.
- Савол: Касаба уюшма аъзолари санаторий йўлланмаларини имтиёзли (йўлланма нархини 45 фоизини тўлаш) равишда ҳар неча йилда олиши мумкин?
Жавоб: Касаба уюшма аъзолари санаторий йўлланмаларини ижтимоий суғурта бюджети ёки касаба уюшма аъзолик бадаллари ҳисобидан олишидан қатъий назар 2 йилда бир марта улар ишлаб турган ташкилот касаба уюшмаларидаги навбат бўйича олиши мумкин.
- Савол: Касаба уюшма ташкилотларидан санаторий йўлланмаларини олиш учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
Жавоб: Касаба уюшма ташкилотларидан санаторийларга йўлланма олиш учун ходимдан қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:
- Ариза(шахсан йўлланма олувчининг номидан бошланғич касаба уюшма қўмитасига);
- Йўлланма сўраган шахснинг паспорт нусхаси;
- Тиббий маълумотнома;
- Меҳнат таътилига чиққанлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
- Бошланғич касаба уюшма қўмитаси қарори;
- Туман, шаҳар ёки бирлашган касаба уюшма ташкилотларининг қарори;
- Йўлланма нархини қисман ёки тўлиқ тўланганлиги тўғрисида ҳужжат;
- Меҳнат дафтарчаси нусхаси
- Санаторийдан қайтгач йўлланманинг қайтарилувчи талони.
1-савол. Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга касаба уюшмасидан розилик олиш тўғрисидаги тақдимномани касаба уюшмаси қўмитаси ходимнинг иштирокисиз ҳам муҳокама қилиши мумкинми? Бухоро шаҳридан Л.Назарова
ЖАВОБ: Иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга касаба уюшмасининг розилигини олиш тўғрисидаги тақдимнома муҳокама қилиниши тўғрисида ходим касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилиш ўтказиш жойи ва вақти ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинган бўлса ва бунда ходим йиғилишга қатнашишни рад этса ёки узрли сабабларсиз қатнашмаса, касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишини ўтказишга тўсқинлик қилмайди. Агар ходим узрли сабабларга кўра касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишига иштирок этолмаса, унинг илтимосига кўра йиғилиш ўтказиш вақти бошқа кунга кўчирилиши керак.
Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан манфаатдор ходимни таклиф қилмасдан ва мажлисда унинг иштирокисиз меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилиниши ходимнинг ўзини-ўзи ҳимоя қилишга бўлган қонуний ҳуқуқидан маҳрум қилиш сифатида баҳоланади.
2-савол. Мен 2012 йилдан буён вилоят “Болалар уйи”да тарбиячи вазифасида ишлаб келаман. 2015 йил учун меҳнат таътилига чиқиш ва ундан кейин бир ой иш ҳақи сақланмаган таътилни беришни сўраб раҳбарга мурожаат этганимда рад жавобини олдим. Меҳнат таътили ва бир ой иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил олиш ҳуқуқим бор ёки йўқлиги тўғрисида қонуний тушунтириш берсангиз.
Г.Жўраева.
ЖАВОБ:Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 144-моддасида таътилларни бериш вақти ва навбати белгиланган бўлиб, унга кўра йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган таътиллар жадвалига мувофиқ белгиланади. Таътил бериш вақти ҳақида ходим таътил бошланишидан камида ўн беш кун олдин хабардор қилиниши керак.
Ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига, I ва II гуруҳ ногиронларига, 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга (250-модда), жамоа шартномаси, келишувида назарда тутилган бошқа ҳолларда ходимларга таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши керак. Таътилдан фойдаланишнинг жадвалда белгиланган вақти ходим билан иш берувчининг келишувига биноан ўзгартирилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 150-моддасига мувофиқ ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳишига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил берилади:
1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари жиҳатидан уларга тенглаштирилган шахсларга — ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар;
ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига — ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар;
икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган аёлларга (234-модда);
ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган аёлларга — ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар (232-модда);
меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, шунингдек меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сизда меҳнат таътилига, шунингдек, иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқиш ҳуқуқингиз мавжудлиги билдирилади.
3-савол. Жамоа шартномамизда ходимнинг яқин қариндошлари – хотини (эри), фарзанди вафот этганда моддий ёрдам бериш белгиланган. Корхонамиз ходимининг фарзанди 2010 йилда вафот этди. Ходим фарзандининг ўлим тўғрисидаги ҳужжатларини айрим сабабларга кўра (автоҳалокат туфайли паспорти йўқолганлиги сабабли) ўз вақтида расмийлаштира олмади. 2015 йил июн ойида фарзандининг ўлими тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиришга эришди. Ушбу ҳужжат билан биз унга моддий ёрдам берсак бўладими (орадан беш йилдан ортиқроқ вақт ўтди)?
Газли магистрал газ қувурлари бошқармаси касаба уюшма қўмитаси раиси Б.Ибодов.
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 27 декабрда қабул қилинган “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддасида вафот этган шахснинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошларига ёки қонуний вакилига, улар бўлмаганда эса дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахсга дафн этиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан нафақа бериш кафолатланганлиги, вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга корхона, муассаса ва ташкилот томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ моддий ва бошқа ёрдам кўрсатилиши мумкинлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2002 йил 8 майда 1136-сон билан рўйхатга олинган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 86-банди “б” хатбошида дафн этиш маросими учун нафақа ходимнинг 18 ёшга тўлмаган ёки вақтинча меҳнатга қобилиятсиз (ёшидан қатъи назар) болалари, ака-укалари ва опа-сингиллари вафот этганда берилиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 14 июндаги 174-сонли қарори билан тасдиқланган “Дафн этишга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-банди “в” хатбошида ходим ёки унинг қарамоғидаги оила аъзоси вафот этган тақдирда нафақа тўланиши, ушбу нафақа корхона, муассаса ёки ташкилот томонидан мазкур Низомда назарда тутилган тартибда тайинланиши, Низомнинг 31-бандида ариза, ходимнинг қарамоғидаги оила аъзоси вафот этган тақдирда — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси ёки марҳумнинг ходим билан қариндошлиги даражасини тасдиқлайдиган ҳужжат (туғилиш ҳақидаги гувоҳнома, никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома ва бошқалар) ва ариза берувчи паспортининг нусхаси нафақа тайинлаш учун асос бўлиши, 33-бандида ходимнинг ёки унинг қарамоғидаги оила аъзосининг вафотидан 6 ой ўтгандан кейин мурожаат қилинганда ва 31-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар тақдим этилмаганда нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза рад этилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 275-моддасида ходимнинг пул ундиришга доир талабларини қондириш белгиланган бўлиб, унга кўра иш берувчи ходимнинг пул ундиришга доир талабларини ҳеч қандай муҳлат билан чекламай, ҳамма вақт учун қондиришга ҳақлидир.
4-савол. Меҳнат таътилига чиқарилган навбатчи-тиббий ходимларнинг навбатчилик сменасини (ўзининг навбатчилигидан ташқари) бошқа навбатчи тиббий ходимлар ўташга мажбур бўладилар ва бунинг натижасида уларнинг бир ойлик иш вақти нормаси навбатчилик жадвали билан белгиланган ёки қонун билан рухсат этилган нормадан ошиб кетмоқда. Ўз навбатида бу соҳада иш вақти нормаси ошиб кетган, ўзгалар ўрнида навбатчиликни ўтаган тиббий ходимларнинг меҳнатига, хусусан ортиқча иш вақтига ҳақ тўлашда муаммолар юзага келмоқда. Шу сабабдан бу тоифадаги, яъни иш вақти нормаси ошиб кетган тиббий ходимларга ортиқча ишлаган вақти учун иш ҳақи тўланадими ёки йўқми, агар тўланса, бу ҳолат қайси қонун ҳужжати билан тартибга солинган?
Когон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Д.Т.Раҳимов.
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли қарори билан “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланди.
Ушбу Низомга мувофиқ, ходимнинг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашга вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажариш ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади.
Ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан, яъни 0,5 ставкадан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрда қабул қилинган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 297-сонли қарори билан тасдиқланган Низом иловасининг 3-банди 5-хатбошига мувофиқ, тиббиёт ходимларининг штат лавозимини эгалламаган ҳолда навбатчилиги ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайди ва белгиланган вақт нормасидан ортиши мумкин. Навбатчилик учун тўлов навбатчилик вақтида ҳақиқатда ишлаган соати учун кўзда тутилган қўшимча ва устамаларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
5-савол. Илгари туман марказий маслаҳат поликлиникасида эмлаш ҳамшираси бўлиб ишлагандим. 2015 йил 11 майда олий тоифам қайта тасдиқланди. Ҳозирда поликлиника тугатилиб, тиббиёт бирлашмасига қўшиб юборилди. Шундан сўнг мени тиббиёт бирлашмасининг психиатр хонаси ҳамшираси вазифасига ўтказишди. Ушбу вазифага ишга ўтганимдан сўнг менга олий тоифа бўйича ҳақ тўланмай қолди. Эмлаш хонаси ҳамширасидан психиатр хонаси ҳамшираси вазифасига ўтказилганда ҳамширанинг олган тоифаси йўқоладими, аниқлик киритиб берсангиз.
Когон туман ТБ психиатр хона ҳамшираси М.О.Маҳмудова
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2014 йил 18 декабрдаги 21-сонли буйруғи билан тасдиқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 19 январда 2649-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ малака тоифаси олиш ихтиёрий бўлиб, у тиббиёт ва фармацевтика ходимларига табақалаштирилган тарзда ҳақ тўлаш учун асос бўлади.
Мазкур Низомнинг 7-бандида тиббиёт ва фармацевтика ходими мутахассислигининг номи ўзгарганда, унинг олдинги мутахассислиги бўйича олган малака тоифаси ва у бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақланиши, кеийнчалик янги номдаги мутахассислик бўйича малака тоифасини олиш учун мурожаат қилинганда олдинги мутахассислиги бўйича иш стажи ва олган малака тоифаси инобатга олиниши белгилаб қўйилган. Демак, Сизнинг малака тоифангиз ва у бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақланиб қолиниши лозим.
6-савол. Муассасамизда штатлар қисқариши амалга оширилиши кўзда тутилмоқда, янада аниқроқ айтадиган бўлсам, муассасамиз туман тиббиёт бирлашмасига қўшиб юборилади. Табиийки, бунда айрим штатлар қисқаради. Шу муносабат билан штатлар қисқариши сабабли меҳнат шартномасини бекор қилишни меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда амалга ошириш тартибини тушунтириб берсангиз.
Ғиждувон туман марказий маслаҳат поликлиникаси бош врачи в/б Х.Болтаева.
ЖАВОБ: Штатлар жадвалидаги ўзгаришлар ва ходимлар сонининг қисқариши муносабати билан иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишнинг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида назарда тутилган тартиби қуйидагича:
- Энг аввало иш берувчи меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходим(лар)ни камида 2 ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт (ЎзР МК 102-моддасининг биринчи қисми).
- Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда ходим(лар)ни ишда қолдириш ҳуқуқини берувчи имтиёз ва афзалликларга риоя этилиши лозим, иш берувчи бундай имтиёз ва афзалликларга эга ходимлар доирасини аниқлаб, уларни ишда қолдириш чораларини кўриш лозим. (ЎзР МКнинг 103-моддаси).
- Ташкилот ходимлари сонини (штатни) қисқартириш бўйича тадбирлар ўтказиш пайтида иш берувчи ходимга бошқа мавжуд ишни (бўш турган лавозимни) таклиф этиши шарт. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин (ЎзР МКнинг 92-моддаси).
- Иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини 2 ойлик муддат тугашигача ҳам, фақат ходимнинг ёзма розилиги билан бекор қилиш ҳуқуқига эга, огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган ишдан бўшатиш нафақасини тўлаган ҳолда пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин (ЎзР МК 102-моддасининг иккинчи қисми, 109-моддаси).
- Штат қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда (олдиндан ходимлар вакиллик органининг розилигини олган ҳолда, агар розилик, МКнинг 101-моддасига кўра, жамоа битими ёки жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса), юқорида айтилган тўловлардан ташқари, иш берувчи жами фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун компенсация тўлаши, ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўлаши ва ҳисоб-китоб қилиши шарт (ЎзР МКнинг 109, 110, 151-моддалари).
7-савол. Ўриндошлик асосида ишловчи ходим асосий иш жойидан хомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳисоблашда ўриндош сифатида ишлаётган корхонаси томонидан берилган иш ҳақлари тўғрисидаги маълумотномани инобатга олмасдан нафақа тўлаган. Шу сабабли ўриндош сифатида ишлаганлик учун ходимга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ўриндош сифатида ишлаб олган иш ҳаққи ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаб бериш мумкинми ?
«Evrosnar» МЧЖ директори М.Ғуломов
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18-октябрдаги 297-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг III бўлим 18-19 бандларида ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир. Соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ходимнинг юқорида назарда тутилган ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2002 йилнинг 8-май кунида 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2002 йил 1 апрелдаги 21-сонли буйруғига асосан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 60-бандига кўра ходим асосий иш жойидан ташқари ўша ёки бошқа корхонада ўриндошлик асосида (шу жумладан юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс сифатида) ишласа, нафақа барча иш жойидаги умумий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.
Демак, ушбу ҳолатда агар ходим асосий иш жойига ўриндошлик асосида ишлаган иш жойидан иш ҳақи тўғрисидаги маълумотни тақдим қилган бўлса, асосий ва ўриндошлик асосидаги жами иш ҳақи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси учун тўлов амалга оширилади. Агар ходим асосий иш жойига ўриндошлик асосидаги корхонадасидан иш ҳақи тўғрисидаги маълумотни тақдим этмаган ва нафақа тайинлашга қўшилмаган бўлса ўриндошлик асосидаги иш жойи ўриндошлик асосида олган иш ҳақига мутаносиб равишда ходим тақдим қилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг тасдиқланган нусхасига асосан нафақа тўловини амалга оширади.
8-савол. Пенсия ёшига етган ходимлар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиб уларнинг айримларини ўқув йили муддатига муддатли меҳнат шартномасига асосан ишга қабул қиляпман. Шу ҳаракатларим қонунийми? Қандай ҳолларда муддатли меҳнат шартномаси тузилади, тушунтириб берсангиз?
Бухоро шаҳар 30 мактаб директори Ш.Бабаева
ЖАВОБ: ЎзР МК 75-моддасига кўра меҳнат шартномаси
номуайян муддатга;
беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга;
муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин.
Сўнгги икки ҳолатда меҳнат шартномалари муддатли
ҳисобланади.
Умумий қоидага асосан, ходимлар билан муддатли меҳнат шартномалари номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда тузилади (Ўз МК 76-моддасига қаранг).
Амалдаги қонун ҳужжатларига асосан қуйидагилар номуайян шартнома тузиш мумкин бўлмаслигига сабаб бўлиши мумкин:
— бажарилажак ишнинг хусусияти (масалан, шартномада кўзда тутилган иш муддатли хусусиятга эга бўлса ёки агар иш берувчининг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган объектив ҳолатларга кўра ушбу ишни қандайдир вақт оралиғи ўтганидан сўнг бажариш имкони йўқлиги олдиндан маълум бўлса);
— ишни бажариш шартлари (масалан, бундай шарт бўлиб ходимни амалдаги қонунларга асосан иш ўрни сақланиб қолинган ҳолда йўк бўлган бошқа ходимлар, яъни ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган аёллар, таълим олиш муносабати билан таътилда бўлган шахслар, вақтинчалик ишга лаёқатсизлиги сабабли ишда бўлмаган ходимлар ўрнига ишга қабул қилиниши бўлиши мумкин)
— ходимнинг манафаатлари (масалан, муддатли меҳнат шартномаси ходимнинг хоҳиши билан тузилиши мумкин. Кейинчалик англашилмовчиликка йўл қўймаслик учун, муддатли меҳнат шартномасини тузишда ходим аризасида нима учун унга муддатли меҳнат шартномасини тузиш афзал бўлишининг аниқ сабабларини кўрсатиши керак).
Муддатли меҳнат шартномалари, шунингдек, корхонада бошқарув лавозимларини эгаллаган шахслар билан тузилиши мумкин.
ЎзР МК 76-моддасининг учинчи хат бошида муддатли меҳнат шартномалари тузиш мумкин бўлган ходимлар рўйхати келтирилган. Кўрсатилган рўйхатга қуйидагилар киради: корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим.
Муддатли мехнат шартномаси шунингдек, қонунда назарда тутилган
бошқа ҳолларда тузилиши мумкин
Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.
Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг розилигисиз муайян муддатга, шунингдек муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб қайта тузилиши мумкин эмас.
Юқоридагиларга асосан Сиз агар пенсия ёшига тўлган ходимнинг ўзи муддатли меҳнат шартномаси тузишни сўраб мурожаат қилмас экан ҳаракатларингиз ноқонуний ҳисобланади.
9-савол: Иш вақти табелларига иш соатини қўймасдан ишда мавжуд белгиси сифатида плюс белгисини қўйиш мумкинми?
Бухоро Давлат-музей қўриқхонаси ходимлар бўлими инспектори М.Саидова
ЖАВОБ: Иш вақти табеллари ходимнинг иш вақтини ва ишда бўлганлик фактини белгилаши муносабати билан иш вақти табелларига фақат иш соатлари (5 кунлик иш ҳафтасига ҳар куни 8 соатдан, 6 кунлик иш ҳафтасига 5 кун 7 соатдан ва 1 куни 5 соат жами 40 соат қўйилиб тўловга қаратилади) қўйилади.
10-савол: Ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилинди. Ходим ўзига топширилган товар-моддий бойликларни топширмасдан келаётганлиги сабабли меҳнат дафтарчасини топширмай келяпмиз. Сабаби агар меҳнат дафтарчасини берсак у ўз жавобгарлигидаги моддий бойликларни топширмасдан кетади. Шу ўринда биз тўғри ҳаракат қиляпмизми?
Бухоро вилоят “Иссиқлик манбаи” ОАЖ ходимлар бўлми инспектори Н.Жумаева
ЖАВОБ: МКнинг 108-моддасига асосан меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлиги белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 1998 йилнинг 29-январида 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 3.1. бандига кўра иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади (масалан: моддий жавобгар ходимни бириктирилган анжомларни вақтида топширмаганлиги учун баҳона қилиб меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса). Бундай ҳолда ишдан бўшаш куни, меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади. Ишдан бўшаган кунининг янги санаси тўғрисида буйруқ берилиб, ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзиб қўйилади. Бўшаган куни тўғрисида илгари киритилган ёзув, ушбу Йўриқноманинг 2.8 бандида белгиланган тартибда бекор қилинади.
Ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиниши унинг иш берувчига етказилган зарарни тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Зарарни ундириш бўйича иш берувчи керакли ҳаракатларни амалга оширишни давом эттириш мумкин.
Юқоридагиларга асосан, ходимнинг меҳнат дафтарчасини асоссиз ушлаганлик ва кечиктирганлик учун ходимга иш ҳақи тўланиб, буйруқни ўзгартирилишига олиб келиши билан бир қаторда ходимнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларига тўсқинлик қилганлик учун МКнинг 112-моддасига асосан маънавий зарар тўланиб, МЖтКнинг 49-моддасига асосан маъмурий жавобгарликни ҳам келтириб чиқаради. (Ҳолат юзасидан тақдимнома киритилиб, қонунбузилиши бартараф қилинди)
Саволларга Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши юридик бўлими мудири Н.Т.Зоиров жавоб берди.
Иш берувчи қайси холатларда муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин?
Ўз МК 75-моддасига кўра меҳнат шартномаси
- номуайян муддатга;
- беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга;
- муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин.
Сўнгги икки ҳолатда меҳнат шартномалари муддатли ҳисобланади.
Умумий қоидага асосан, ходимлар билан муддатли меҳнат шартномалари номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда тузилади (Ўз МК 76-моддасига қаранг).
Амалдаги қонун ҳужжатларига асосан қуйидагилар номуайян шартнома тузиш мумкин бўлмаслигига сабаб бўлиши мумкин:
— бажарилажак ишнинг хусусияти (масалан, шартномада кўзда тутилган иш муддатли хусусиятга эга бўлса ёки агар иш берувчининг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган объектив ҳолатларга кўра ушбу ишни қандайдир вақт оралиғи ўтганидан сўнг бажариш имкони йўқлиги олдиндан маълум бўлса);
— ишни бажариш шартлари (масалан, бундай шарт бўлиб ходимни амалдаги қонунларга асосан иш ўрни сақланиб қолинган ҳолда йўк бўлган бошқа ходимлар, яъни ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган аёллар, таълим олиш муносабати билан таътилда бўлган шахслар, вақтинчалик ишга лаёқатсизлиги сабабли ишда бўлмаган ходимлар ўрнига ишга қабул қилиниши бўлиши мумкин)
— ходимнинг манафаатлари (масалан, муддатли меҳнат шартномаси ходимнинг хоҳиши билан тузилиши мумкин. Кейинчалик англашилмовчиликка йўл қўймаслик учун, муддатли меҳнат шартномасини тузишда ходим аризасида нима учун унга муддатли меҳнат шартномасини тузиш афзал бўлишининг аниқ сабабларини кўрсатиши керак).
Муддатли меҳнат шартномалари, шунингдек, корхонада бошқарув лавозимларини эгаллаган шахслар билан тузилиши мумкин.
ЎзР МК 76-моддасининг учинчи хат бошида муддатли меҳнат шартномалари тузиш мумкин бўлган ходимлар рўйхати келтирилган. Кўрсатилган рўйхатга қуйидагилар киради: корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим.
Муддатли мехнат шартномаси шунингдек, қонунда назарда тутилган
бошқа ҳолларда тузилиши мумкин
Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.
Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг розилигисиз муайян муддатга, шунингдек муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб қайта тузилиши мумкин эмас (ЎзР МК 75-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига қаранг).
- Иш берувчи муддатли меҳнат шартномасини тузишда дастлабки синов муддатини белгилаши мумкинми?
Дастлабки синов ходимлар билан олти ойгача муддатга ишга қабул қилиш тўғрисида меҳнат шартномаси тузилганда белгиланмайди (ЎзР МК 84-моддасининг учинчи қисмига қаранг).
Бинобарин, олти ойдан кўп муддатга меҳнат шартномаси тузилганда синов муддатини белгилашга (тарафларнинг келишувчига кўра) ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди. Лекин шуни ёдда тутиш лозимки чиқармаслик керакки, ЎзР МК 84-моддасининг учинчи қисмида кўрсатиб ўтилган ходимлар билан олти ойдан кўп муддатга меҳнат шартномаси тузишда ҳам синов муддати белгиланмайди (ҳатто тарафларнинг келишуви бўлганда ҳам).
Масалан, иш берувчи уч ёшга тўлмаган боласи бор аёл билан уч йил муддатга меҳнат шартномаси тузишда меҳнат шартномасига синов муддати тўғрисидаги шартни киритишга ҳақи йўқ. Юқорида келтирилган сабаб билан ишга қабул қилишни рад этиш эса ғайриқонуний ҳисобланади ва аёл меҳнат низоларини кўриб чиқадиган ташкилотга мурожаат қилганда иш берувчи меҳнат шартномасини тузишга мажбур қилинади (ушбу ҳолатда — муддатли меҳнат шартномаси) (ЎзР МК 78-моддасига қаранг).
- Қандай ҳолатларда меҳнат шартномасини беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга, қандай ҳолатларда эса муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузиш мақсадга мувофиқ?
Муддатли меҳнат шартномасини тузишда муайян муддатга тузиладиган меҳнат шартномаси ва муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузиладиган меҳнат шартномаси ўртасидаги фарқни билиш муҳимдир. Иккала шартнома ҳам муддатли меҳнат шартномасининг тури ҳисобланади. Меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат шартномасининг қайси тури тузилишига боғлиқдир.
Беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилган меҳнат шартномаси ўзининг амал қилиш муддатини меҳнат шартномасида кўрсатилган муддат ўтганидан сўнг тўхтатади. Муаяйн ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси ходим шартномада шартлашилган ишни бажарганидан сўнг, ёки ташкилот бирон-бир ишни бажаришни тугатганидан сўнг тўхтатилади.
1-мисол. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29 августдан «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг 5 моддаси педагогик ходимларни олий ўқув юртларига беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга шартнома тузган холда танлов асосида ишга қабул қилишни назарда тутади .
2-мисол. Қурилиш ташкилотига иншоот қурилиши тугаганидан сўнг у ерда буюртмачининг ускуналарини ўрнатиш топширилган эди. Бунинг учун қурилиш ташкилоти мутахассислар билан муайян ишни бажариш вақтига, яъни ускуналарни қўйиш тугагунга қадар меҳнат шартномалари тузади.
Шундан келиб чиқиб, меҳнат шартномаларини беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга ва муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузиш фарқ қилади. Биринчи ҳолатда меҳнат шартномасида шартнома муддати тугашининг аниқ санаси кўрсатилади. Иккинчи ҳолатда меҳнат шартномаси муддатининг тугаши меҳнат шартномасида ушбу шартномани бекор қилиш муддати сифатида кўрсатилган маълум ишнинг бажарилишига боғлиқ.
- Муддатли меҳнат шартномаси шартларида унинг тугаш санасини қандай қилиб белгилаш мумкин?
Муддатли меҳнат шартномаси бўйича ишнинг тугаш муддати қуйидагилар билан белгиланиши мумкин:
— аниқ каледарь санаси билан;
— шартноманинг умумий муддати ўрнатилиши билан (масалан, уч йил);
— ишни тугаганлигидан далолат берадиган муайян ҳолатнинг юзагакелишини кўрсатиш билан (масалан, иш жойи сақланадиган ходимнинг йуқлигида муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилган муддатли меҳнат шартномаси ва шунга ўхшашлар).
1-мисол. Ходиманинг хомиладорлик ва туғиш таътилига кетиши муносабати билан корхонада иш жойи бўшади. Иш берувчи ходима йўқ бўлган вақтга бошқа ходим билан муддатли меҳнат шартномасини тузиши мумкин, «Шартноманинг амал қилиш муддати» графасига эса қуйидаги ёзувлар киритилади:
Меҳнат шартномаси муддати:
Бошланиши | 2001 йил 25 сентябрь |
Тугалланиши | Ушбу меҳнат шартномасида кўрсатилган ишни бажарган ходиманинг (Ф. И. Ш. кўрсатилади) ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан ишга чиқиш санаси |
Агар шартномада унинг аниқ амал қилиш муддати кўрсатилган бўлса, бунда ЎзР МК 13-моддасига кўра йиллар, ойлар, ҳафталар билан ҳисобланадиган муддатлар сўнгги йилнинг, ойнинг, ҳафтанинг тегишли кунида тугашини назарда тутиш керак.
2-мисол. Ходим ва иш берувчи ўртасида 4 йил муддатга муддатли меҳнат шартномаси тузилган эди. Унинг амал қилиш муддати 2000 йил 18 майдан бошланган. Ушбу ҳолда ЎзР МК 13-моддасига кўра меҳнат шартномасига амал қилиш роппа-роса 4 йилдан сўнг, яъни 2004 йил 18 майда тўхтатилади. Иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг 1 ҳафта ичида, яъни 2004 йил 25 майга қадар чиқарилиши керак (ЎзР МК 105-моддасига қаранг). Акс ҳолда меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади.
3 мисол. Иш берувчи рассомни реклама витриналарини безаш учун 1 ой муддатга ишга қабул қилди. Меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати бошланиши деб 1 декабрь белгиланган, ўз-ўзидан, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни шу йилнинг 31 декабрида ёки меҳнат шартномасида кўрсатилган сана келганидан сўнг 1 ҳафта ичида, яъни кейинги йилнинг 7 январигача чиқариши керак.
- 18 ёшдан кичик бўлган шахслар билан муддатли меҳнат шартномаларини тузишга йўл қўйиладими?
Меҳнат қонунлари 18 ёшга тўлмаган шахслар билан ҳам номуайян муддатга, ҳам муддатли (беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга, муайян ишни бажариш вақтига) меҳнат шартномалари тузишни назарда тутади.
Ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар билан меҳнат шартномалари (номуайян муддатга ёки муддатли) тузишда иш берувчи уларни ишга қабул қилишда меҳнат қонунлари билан белгиланган алоҳида шартларни ҳисобга олишга мажбур.
Ўн саккиз ёшдан кичик бўлган барча шахслар ишга фақат дастлабки тиббий кўрикдан ўтганларидан сўнг қабул қилинадилар ва бундан буёғига ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар ҳар йилги мажбурий тиббий кўрикдан ўтиб туришлари шарт (ЎзР МК 214-моддасига қаранг).
Умумий тартибга кўра (номуайян муддатга ёки муддатли тузилган меҳнат шартномасига асосан) ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилади (ЎзР МК 77-моддасининг 1 қисмига қаранг).
Ўн беш ёшдан ўн олти ёшгача бўлган шахсларни ишга қабул қилиш ота-онасидан бирининг ёки улар ўрнини босувчи шахснинг ёзма равишдаги розилиги билан йўлга қўйилади. Шуни қайд қилиш жоизки, бу иш берувчи кўп ҳолатларда нотўғри ҳисоблаганидек ходимлар билан меҳнат шартномаси тузиш зарурлигидан озод қилмайди. ЎзР МК 82-моддасининг биринчи қисмига асосан ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади. Ота-она (васий) ўғлининг ёки қизининг (васийлик остидагининг) ишлашига розилигини у билан тузилган меҳнат шартномасида белгиланган шартларга асосан беради.
- Ҳомиладор аёллар билан муддатли меҳнат шартномалари тузиш мумкинми?
Бу ўрнатилган меҳнат тўғрисидаги ёки бошқа меъёрий ҳужжатлар билан солиштирганда уларнинг аҳволини ёмонлаштириш ҳисобланмайдими?
ЎзР МК 76-моддасига кўра муддатли меҳнат шартномалари:
— бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда;
— корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан;
— қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда тузилиши мумкин.
Агар ҳомиладор аёл иш берувчи билан муддатли меҳнат шартномаси тузиш истагини билдирса ёки у билан номуайян муддатга меҳнат шартномаси тузиш мумкин бўлмаса, томонлар муддатли меҳнат муносабатларини расмийлаштириш ҳуқуқига эгалар.
Лекин шуни ҳисобга олиш муҳимки, меҳнат шартномаси муддати тугаганлиги сабабли ҳомиладор аёл, шунингдек уч ёшга тўлмаган болалари бор аёл билан меҳнат муносабатларини бекор қилишда иш берувчига уни ишга жойлаштириш мажбурияти юклатилади. Ишга жойлаштириш муҳлатида иш ҳақи сақланиб қолади , бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак (ЎзР МК 237-моддасининг иккинчи қисмига қаранг).
- Агар меҳнат шартномаси бекор қилинган санадан сўнг амалда бир қанча вақт — икки-уч ҳафта ўтган бўлса иш берувчи унинг муддати тугаганлиги асосида меҳнат шартномасини тўхтатиши мумкинми?
ЎзР МК 97-моддасининг 3-банди ва 105-моддасига асосан муддатли меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларидан бири — унинг муддати тугашидир.
Агар шартнома муддати тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва бунда тарафлардан бирортаси шартнома муддати тугагандан сўнг бир ҳафта давомида уни бекор қилишни талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади (ЎзР МК 105-моддасига қаранг). Бундай ҳолда меҳнат шартномаси бундан буёғига фақат ЎзР МК 97-моддасида кўрсатилган номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилишнинг умумий асосларига кўра бекор қилиниши мумкин.
1-мисол. Ходим билан 2002 йил 2 январдан 2002 йил 31 январгача муддатли меҳнат шартномаси тузилган, лекин 2002 йил 7 февралига қадар иш берувчи меҳнат шартномасини муддати тугаганлиги сабабли бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқармади. ЎзР МК 105-моддасига кўра ходим билан меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади.
2-мисол. Ходим бошқа ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги (ёки таътил) даврида йўқ бўлган вақтга ишга қабул қилинган. Иш берувчи асосий ходим ишга чиққанидан сўнг 1 ҳафта муддат ичида муддатли меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқармади. Ушбу ҳолда ходим билан асосий ходим йўқ бўлган вақтга тузилган меҳнат шартномаси ҳам номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади (ЎзР МК 105-моддасига қаранг) ва бундан буёғига фақат меҳнат қонун ҳужжатларида кўзда тутилган номуайян меҳнат шартномаларини бекор қилиш асосларига кўра бекор қилиниши мумкин.
Иккинчи мисол бўйича ходим билан меҳнат шартномаси ЎзР МК 67-, 101-, 102-, 103-, 109-моддалари талабларини бажарган ҳолда ЎзР 100-моддаси 2-қисмининг 1-банди билан бекор қилиниши мумкин.
Меҳнат қонунлари ҳомиладор ва 3 ёшгача боласи бор аёллар учун меҳнат шартномасини унинг муддати тугаши билан бекор қилишда қўшимча кафолатлар ва имтиёзларни кўзда тутади (ЎзР МК 237-моддасига қаранг).
3-мисол. Аёл муддатли шартнома бўйича ишга қабул қилинган. Меҳнат шартномасини бекор қилишда унинг ҳомиладорлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолда меҳнат муносабатлари меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинаётган бўлса ҳам, иш берувчига ишга жойлаштириш бўйича мажбурият юклатилади. Ишга жойлаштириш даврида ҳомиладор аёлнинг иш ҳақи сақланиб қолинади, бироқ муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмайди. Лекин иш берувчининг ҳомиладор аёлни ишга жойлаштириш борасидаги мажбурияти уч ой ўтганидан сўнг ҳам сақланиб қолинади.
- Тузилган меҳнат шартномасининг муддатини ўзгартириш мумкинми?
Муддатли меҳнат шартномасини номуайян муддатга, шунингдек муддатга эга бўлмаган шартномани муддатлига қайта тузишга (бунинг учун қонунда назарда тутилган асослар пайдо бўлса) фақат ҳодимнинг розилиги билан йўл қўйилади (ЎзР МК 75-, 76-моддаларига қаранг ). Меҳнат низолари келиб чиқишини олдини олиш мақсадида ходимнинг меҳнат шартномасини қайта тузишга розилигини ёзма шаклда, тилхат асосида қайд қилиш лозим.
Меҳнат шартномаси муддатининг ўзгариши — бу меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви билан белгиланадиган меҳнат шартларидан бирининг ўзгаришидир. Меҳнат шартларини ўзгартириш, улар қайси тартибда белгиланган бўлса, шундай тартибда амалга оширилади (ЎзР МК 88-моддасига қаранг).
Ушбу ҳолда тарафларнинг келишувига асосан меҳнат шартномаси билан белгиланган меҳнат шартлари ўзгаришини расмийлаштириш умумий қоидаларга асосан амалга оширилади. Яъни, меҳнат шартномасига ўзгартириш киритилади (ушбу ҳолда муддатга нисбатан), сўнг ходим билан тузилган меҳнат шартномасига ўзгартириш киритилганлиги тўғрисида иш берувчининг буйруғи чиқарилади (киритилган ўзгартиришларга тўла мувофиқ равишда) ва ходимга маълум қилиниб тилхат олинади.
Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган ва ўрнатилган тартибда ўзгаришлар киритилган меҳнат шартномаси асос бўлади (ЎзР МК 82-моддасининг биринчи, тўртинчи, бешинчи қисмларига қаранг).
- Агар меҳнат шартномасида ишни бошлаш санаси белгиланмаган бўлса ходим ўз меҳнат вазифаларини бажаришга қачон киришиши лозим?
Меҳнат шартномасини тузиш муддати ва ишга чиқиш муддати фарқ қилиши мумкинми?
Ходим ўз вазифаларини бажаришга киришиши лозим бўлган сана тарафларнинг келишувига асосан меҳнат шартномасини тузишда белгиланади (ЎзР МК 73-моддасига қаранг).
Агар меҳнат шартномасида ишни бошлаш санаси белгиланмаган бўлса, у холда ходим ЎзР МК 83-моддасига кўра меҳнат шартномаси имзоланган иш кунининг (сменанинг) эртасидан кечикмай ишга тушмоғи лозим.
1 мисол. Агар меҳнат шартномаси 2002 йил 9 апрелда тузилган бўлса ва унда ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бажаришга қачон киришиши санаси кўрсатилмаган бўлса, у ишга 2002 йил 10 апрелдан кечикмай чиқиши керак.
2 мисол. Агар меҳнат шартномаси 2002 йил 12 апрелда тузилган бўлиб унда ишнинг бошланиш санаси кўрсатилмаган бўлса, шартнома тузилгандан кейинги кунлар эса дам олиш кунларига тўғри келган бўлса, ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бажаришга беш иш кунлик ҳафтада 2002 йил 15 апрелдан киришиши керак.
3 мисол. Ходимни бошқа корхонага янада юқори маош тўланадиган ва меҳнат шароитлари янада яхши бўлган ишга таклиф қилди. Ходим корхонага ташриф буюриш чоғида меҳнат шартларига рози бўлиб 2002 йил 3 июндан меҳнат шартномасини имзолади. Меҳнат шартномасида у меҳнат мажбуриятларини бажаришга 2002 йил 19 июндан киришиши кўрсатилган эди. Ходим 4 июнь куни авалги иш жойида иш берувчини икки ҳафта олдин огоҳлантирган ҳолда ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза ёзди. 2002 йил 18 июнь ходим учун аввалги иш жойида сўнгги иш куни бўлади. 2002 йил 19 июндан у янги корхонада ўз вазифаларини бажаришга киришиши мумкин.
Аввалги иш берувчининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишни хоҳламаслиги меҳнат муносабатларини бекор қилишга тўсқинлик қилмайди (ЎзР МК 99-моддасининг биринчи қисмига қаранг).
- Бош технолог икки ойдан сўнг ўқиш муддати даврига иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиб чет элга олти ойлик ўқишга кетади. Корхона рахбарияти бош технолог йўқ бўлган пайтда унинг ўрнини боса оладиган мутахассисни топди. Ушбу мутахассис билан унинг икки ойдан сўнг ишга чиқиши кафолатланиши учун муддатли меҳнат шартномасини олдиндан тузиш мумкинми? Ёки шартнома тузишга фақат бош технолог таътилга кетганидан сўнг йўл қўйиладими?
ЎзР МК 73-моддасига кўра тарафларнинг келишувига асосан бошқа шартлар ичида ишнинг бошланиш санаси (куни) ҳам белгиланиши лозим.
ЎзР МК 83-моддасига асосан меҳнат шартномаси имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради. Ходим эса имзоланган ва кучга кирган шартноманинг шартларига кўра шартномада белгилаб қўйилган кундан бошлаб ўзининг меҳнат вазифаларини бажаришга киришмоғи лозим.
Кўриб чиқилаётган ҳолатда меҳнат шартномаси (ҳам номуайян муддатга, ҳам муайян муддатга) шартномада ходимнинг ишга киришиш куни (санаси) — 2002 йил 10 июнь кўрсатилган ҳолда 2002 йил 10 апрелдан тузилиши мумкин.
Ишнинг бошланиш кунини шартномада акс этмаган ҳолда оғзаки келишиб олиш етарли эмас, чунки ЎзР МК 83 моддасига кўра меҳнат шартномасида ишнинг бошланиш куни белгиланмаган бўлса, ходим меҳнат шартномаси имзоланган иш кунининг (сменанинг) эртасидан кечикмай ишга тушмоғи лозим ва бунда ҳужжат асосида битта штат жадвалига иккита ходим жалб қилиниш ҳолати юзага келади.
Кўриб чиқилаётган ҳолатда тарафлар меҳнат шартномаси имзоланиб кучга кириш ва иш бошланиш куни ўртасида катта муддатни кўзда тутаётган экан, ЎзР МК 104-моддасига асосан меҳнат шартномасида уни муддатидан олдин бекор қилганлик учун тарафларнинг неустойка тўлаши ҳақидаги ўзаро мажбуриятларини назарда тутган ҳолда иш берувчи ва ходим учун кафолатларни кучайтиришни тавсия қилиш мумкин
- Ходим билан муддатли меҳнат шартномаларини ғайриқонуний тузиш иш берувчи учун қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин?
ЎзР МК 76-моддаси ходимлар билан муддатли меҳнат шартномаларини тузиш бўйича иш берувчининг ҳуқуқларини чеклайди.
Муддатли меҳнат шартномалари фақат:
— бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда;
— корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан;
— қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардагина тузилиши мумкин.
Иш берувчи шуни кўзда тутиши керакки, ЎзР МК 76-моддасида ўрнатилган юқорида келтирилган рўйхат тўлиқ ҳисобланади, асоссиз равишда ундан четга чиқишга йўл қўйилмайди.
Агар муддатли меҳнат шартномаси ЎзР МК 76 моддаси талабларини ҳисобга олмаган ҳолда тузилган бўлса ва кейинчалик меҳнат низоси келиб чиқадиган бўлса, муддатли меҳнат шартномасининг тузилиши суд томонидан ғайриқонуний деб топилиши мумкин.
Лекин, бунга асосан ходим билан меҳнат шартномасининг ўзи бекор қилиниши мумкин эмас. Меҳнат шартномасининг фақат битта шарти, яъни айнан унинг муддати кучга эга эмас деб тан олинади.
Бошқача айтганда, меҳнат шартномаси муддатсиз тузилган, ходим унинг биринчи иш кунидан номуайян муддатга ишга қабул қилинган, иш берувчи эса у билан меҳнат шартномасини давом эттиришга мажбур қилинган деб тан олинади
Ходим билан меҳнат муносабатлари ғайриқонуний равишда тузилган муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаши асосида бекор қилинган ҳолатда эса, иш берувчи нафақат ходимни олдинги ишига тиклашга, балки унга етказган зарарни қоплашга ҳам мажбур қилиниши мумкин (ЎзР МК 275-, 112-моддаларига қаранг).