Nizomlar

 

ЎРИНДОШЛИК АСОСИДА ҲАМДА

БИР НЕЧА КАСБДА ВА ЛАВОЗИМДА

ИШЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

 

Фуқароларнинг ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда (лавозимда) ишлашини янада тартибга солиш, шунингдек аҳоли даромадларини кўпайтириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Белгилансинки:

ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартибига риоя этилиши учун масъулият ўриндошлар ишлайдиган ташкилотларнинг раҳбарлари зиммасига юкланади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, шу жумладан, ўриндошлик асосида бир вақтнинг ўзида иккита раҳбарлик лавозимини эгаллашга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

  1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:

ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартибига риоя этилиши юзасидан қатъий назоратни таъминласин;

оммавий ахборот воситаларида ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳудудий органлари орқали ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида зарур тушунтириш ишларини ташкил этсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишган ҳолда, меҳнат бозорининг таҳлилини ҳисобга олиб, зарурият бўлганда, ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ҳамда унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

  1. Манфаатдор давлат бошқаруви органлари бюджет ташкилотларининг бир неча касбда (лавозимда) ишлаганлиги, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги ёки бажариладиган ишлар ҳажми ортганлиги учун қўшимча ҳақ белгиланиши мумкин бўлган ходимлари касблари (лавозимлари) рўйхатини икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқласинлар.
  2. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бир ой муддатда:

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

  1. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             Ш. Мирзиёев

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 18 октябрдаги

297-сон қарорига

ИЛОВА

 

 

 

Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда

ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

  1. Умумий қоидалар
  2. Меҳнатга ҳақ тўлаш

III. Ўриндошларга ҳақи тўланадиган ҳар

йилги меҳнат таътиллари, давлат ижтимоий

суғуртаси бўйича нафақалар бериш

  1. Бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби
  2. Якунловчи қоидалар

Илова. Ўриндошлик асосида ишлаш

ҳисобланмайдиган ишлар рўйхати

 

 

  1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

  1. Ушбу Низом мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда (кейинги ўринларда ташкилот деб аталади) меҳнат шартномасига (контрактга) (кейинги ўринларда меҳнат шартномаси деб аталади) мувофиқ ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишловчи жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг меҳнат муносабатларини тартибга солиш қоидаларини белгилайди.

Иш берувчи билан ўриндошлик асосида ишловчи ўртасидаги муносабатлар, ушбу Низомда белгиланган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси билан тартибга солинади.

 

  1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

 

асосий иш жойи — Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддасига мувофиқ иш берувчи томонидан ходимнинг меҳнат дафтарчаси юритиладиган ташкилот;

 

ўриндошлик асосида ишлаш — ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши.

 

  1. Ушбу Низомга илова қилинаётган рўйхатда кўрсатилган иш турлари ўриндошлик асосидаги ишлар ҳисобланмайди.

 

  1. Қуйидагиларнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади:

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;

агар шахснинг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;

бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассислари — соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган врачлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан мустасно;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган бошқа шахслар (ходимлар).

 

  1. Ўриндошлик асосида ишлашга, агар ушбу Низомда ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлашга йўл қўйилади.

Ходимнинг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашга вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади.

 

  1. Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кираётган шахслар:

паспортни ёхуд унинг ўрнини босадиган ҳужжатни;

меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича маълумотномани тақдим этиши шарт.

 

Қаранг: АВ* томонидан 2013 йил 29 январда 2417-сон билан рўйхатга олинган, МАИМҚВ Буйруғи билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кириш учун асосий иш жойидан бериладиган маълумотнома шакли”

 

Ўриндошлик асосида ишлаш учун иш берувчининг, асосий иш жойидан касаба уюшмаси қўмитасининг (ходимларнинг бошқа вакиллик органининг) ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинмайди.

Бажарилиши учун фақат қонун ҳужжатларига мувофиқ муайян иш стажига эга бўлган шахслар қўйилиши мумкин бўлган ишга ўриндошлик асосида қабул қилишда асосий иш жойидаги меҳнат дафтарчасининг тасдиқланган нусхаси тақдим этилади.

Махсус билимларни талаб этадиган ўриндошлик асосида ишга қабул қилишда иш берувчи ходимдан маълумоти ёки касб-ҳунар бўйича тайёргарлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд бошқа ҳужжатни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

 

Қаранг: «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонун 41-моддасининг биринчи-иккинчи қисмлари; ВМ 2007 йил 24 августдаги 182-сон Қарори билан тасдиқланган «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати тўғрисида»ги Низомнинг 4-банди, «Хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида»ги Низомнинг 4-банди

 

  1. Ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин.

Агар ташкилотда ўриндошлар учун иш вақти давомийлигининг ҳар кунги ярим нормасига риоя этилиши мумкин бўлмаган тақдирда, иш вақтини жамлаб ҳисоблаб юритишга йўл қўйилади. Иш вақти жамлаб ҳисоблаб юритилганда ўриндошлик асосида иш вақтининг умумий давомийлиги ҳисобга олинадиган давр учун ўриндошлик асосидаги лавозим бўйича иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлмаслиги керак. Бунда ҳисобга олинадиган давр бир ойдан ортиқ бўлмаслиги, кунлик ишнинг давомийлиги эса — ўн икки соатдан ортиқ бўлмаслиги керак.

 

  1. Ходим билан ўриндошлик асосида ишлаш учун тузиладиган меҳнат шартномасида Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида белгиланган талаблар билан биргаликда иш вақтининг давомийлиги мажбурий тартибда кўрсатилади.

 

  1. Ходимнинг ёзма аризасига кўра, ўриндошлик асосидаги иш жойидан берилган маълумотнома асосида иш берувчи томонидан ходимнинг асосий иш жойидаги меҳнат дафтарчасига иш даври кўрсатилган ҳолда ўриндошлик асосидаги иш тўғрисидаги ёзув киритилади. Ўриндошлик асосидаги иш жойидан бериладиган маълумотнома шакли Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

 

Қаранг: АВ томонидан 2013 йил 29 январда 2417-сон билан рўйхатга олинган, МАИМҚВ Буйруғи билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосидаги иш жойидан бериладиган маълумотнома шакли”

 

Ўриндошлик асосидаги иш жойидан берилган маълумотнома асосий иш жойида сақланади.

 

  1. Агар ходимнинг илтимосига кўра унинг меҳнат дафтарчасига ўриндошлик асосидаги иш тўғрисидаги маълумотлар киритилган бўлса, у ҳолда ўриндошлик асосидаги иш жойидан берилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқнинг нусхасига мувофиқ асосий иш жойида меҳнат дафтарчасига бу ҳақда ёзув киритилади. Меҳнат шартномаси бекор қилинишининг асослари (сабаблари) меҳнат дафтарчасига ёзилмайди.

 

 

  1. МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШ

 

  1. Ўриндошлар меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнат шартномасига мувофиқ:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай шаклида — ҳақиқатда бажарилган иш учун;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида — ишланган вақтга мутаносиб тарзда амалга оширилади.

 

  1. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида иш ҳақи ишнинг қиймати бўйича ҳисобланади.

Агар меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида ўриндошга нормаланган топшириқ белгиланса, у ҳолда меҳнатга ҳақ тўлаш ходим томонидан амалда бажарилган иш учун ишнинг пировард натижаси бўйича тўланади.

Туман коэффициентлари ва иш ҳақига устамалар белгиланган туманларда ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга меҳнатга ҳақ тўлаш коэффициентлар ва устамалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

 

Қаранг: ВМ 1992 йил 20 апрелдаги “Навоий вилояти халқ хўжалига тармоқлари ходимларининг иш ҳақини ҳудудий тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида” 200-сон Қарори; ВМ 1995 йил 18 декабрдаги «Дўрмон-Қайнарсой» комплексларининг хўжалик ҳисобидаги бирлашган дирекциясини ташкил этиш тўғрисида»ги 462-сон Қарорининг 3-банди

 

  1. Ўриндошлик асосидаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори меҳнат унумдорлигига ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа шартларга қараб, ишланган вақтга пропорционал равишда, қонун ҳужжатларида белгиланган Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси бўйича биринчи разряд тариф коэффициенти асосида ҳисоблаб чиқилган миқдордан паст бўлиши мумкин эмас.

 

  1. Ходимнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқишда, ушбу ҳисоблаб чиқиш мақсадларидан қатъи назар, асосий иш жойи бўйича ва ўриндошлик бўйича иш учун иш ҳақи алоҳида ҳисоблаб чиқилади.

 

Қаранг: ВМ 1997 йил 11 мартдаги 133-сон Қарори билан тасдиқланган «Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш Тартиби»

 

  1. Агар ички меҳнат тартибида ёки ташкилотнинг жамоавий шартномасида ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўриндошларнинг меҳнати учун рағбатлантириш ташкилотнинг барча ходимлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

 

III. ЎРИНДОШЛАРГА ҲАҚИ ТЎЛАНАДИГАН ҲАР ЙИЛГИ

МЕҲНАТ ТАЪТИЛЛАРИ, ДАВЛАТ ИЖТИМОИЙ

СУҒУРТАСИ БЎЙИЧА НАФАҚАЛАР БЕРИШ

 

  1. Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга ҳар йилги асосий, шунингдек ўриндошлар ҳақли бўлган қўшимча таътиллар асосий иш жойидаги ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда берилади.

Агар ўриндошлик асосида ишлашнинг биринчи иш йилида ходим олти ойдан кам ишлаган бўлса, у ҳолда ўриндошлик асосидаги ишда таътил учун ишланган вақтга пропорционал ҳақ тўланади.

Биринчи иш йилида олти ой ишлаган ўриндошларнинг меҳнат таътилига, шунингдек ишнинг кейинги йиллари учун меҳнат таътилига ўриндошлик асосидаги ишнинг ўртача иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда одатдаги тартибда ҳақ тўланади.

 

  1. Асосий иш жойи бўйича ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг давомийлиги ўриндошлик асосидаги иш ҳақи тўланадиган меҳнат таътилининг давомийлигидан ортиқ бўлса, у ҳолда иш берувчи ўриндошнинг илтимосига кўра унга ўриндошлик асосидаги иш ҳақи тўланадиган таътилдан ташқари асосий иш бўйича ҳақ тўланадиган таътилнинг қанча давом этиши билан ўриндошлик асосидаги иш ҳақи тўланадиган таътилнинг тафовутини ташкил этувчи кунлар учун иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришга мажбурдир.

 

  1. Ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир.

 

  1. Соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ушбу Низомнинг 18-бандида назарда тутилган ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади.

 

 

  1. БИР НЕЧА КАСБДА ВА ЛАВОЗИМДА ИШЛАШ ТАРТИБИ

 

  1. Ходим томонидан меҳнат шартномасида келишилган ўзининг асосий иши билан биргаликда бошқа касб ва лавозим бўйича қўшимча иш бажарилиши ва ички тартиб-қоидалар билан белгиланган ўзининг асосий ишидан озод бўлмаган ҳолда, вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажариши бир неча касб ва лавозимда ишлаш деб эътироф этилади.

 

  1. Бир неча касб ва лавозимда ишлашга, қоидага кўра, ушбу ходим тегишли бўлган ходимлар тоифаси доирасида рухсат берилади. Бюджет ташкилотлари ходимларининг бир неча касб ва лавозимда ишлаши иш берувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.

 

  1. Ташкилотнинг ходими қўшимча ишни бажарадиган муддат, унинг мазмуни ва ҳажми иш берувчи томонидан, ходимнинг ёзма розилиги бўйича белгиланади.

 

  1. Бир неча касб ва лавозимда ишлаш, ўзининг асосий иши билан биргаликда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлик учун қўшимча ҳақ тўланади.

 

  1. Ходимларга бир неча касб ва лавозимда ишлаганлиги, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги, бажариладиган ишлар ҳажми ортганлиги, ўзининг асосий иши билан биргаликда вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажарганлиги учун қўшимча ҳақ миқдори, агар ички меҳнат тартибида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, томонларнинг келишувига кўра белгиланади.

 

  1. Бюджет ташкилотларида қўшимча ҳақ миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 30 фоизидан юқори бўлиши мумкин эмас.

 

  1. Бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартиби ва шартлари хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда ёки бажариладиган ишлар ҳажми ортганда ҳам қўлланилади.

 

  1. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

 

  1. Ўриндошлар билан меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси асосида тўхтатилади.

 

Қаранг: МК VI бобининг 4-§

 

  1. Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартибига риоя қилиниши юзасидан жавобгарлик ходимни ўриндошлик асосида ишга қабул қилувчи ташкилотнинг раҳбари зиммасига юкланади.

 

  1. Ушбу Низомга риоя этилишини назорат қилиш меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари, касаба уюшмалари, шунингдек иш берувчилар томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.

 

Низомга

ИЛОВА

 

 

Ўриндошлик асосида ишлаш

ҳисобланмайдиган ишлар

РЎЙХАТИ

 

  1. Илмий фаолиятни ёки ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириш, агар бундай фаолият асосий иш жойи бўйича бажариладиган иш ҳисобланмаса.

 

  1. Фан, адабиёт ва санъат асарлари яратиш.

 

  1. Ходим томонидан, асосий ишдан ташқари, ўша ташкилотнинг ўзида штат лавозимини эгалламасдан бошқа ишни бажариш, шу жумладан:

умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқитувчилари томонидан кабинетларга, лабораторияларга мудирлик қилиш бўйича вазифаларни бажариш, тўгаракларга раҳбарлик қилиш, шунингдек улар томонидан белгиланган юкламадан ортиқ ўқув-тарбиявий ишларни бажариш;

ишнинг ушбу тури бўйича иш вақти нормал давом этишининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда меҳнатга соатбай ҳақ тўланадиган педагогик иш;

таълим муассасалари раҳбарларининг ўқитувчи лавозими бўйича йиллик иш режасида (иш вақти нормаси билан) назарда тутилган жами иш вақтининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда ўқитувчилик иши;

 

Қаранг: ВМ 2008 йил 1 августдаги 165-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида”ги Низомнинг 14-банди

 

ташкилотлар муҳандис-техник ходимларининг талабалар ва ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш таълими ва амалиётига раҳбарлик қилиш бўйича иши;

тиббиёт ходимларининг белгиланган вақт нормасидан ортиқча навбатчилик қилиши;

Ҳукумат қарорлари билан ходимнинг иш ҳақига устамалар белгиланган вазифаларни бажариш.

 

Қаранг: ВМ 2008 йил 1 августдаги 165-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида”ги Низомнинг III бўлими

 

  1. Муаллифлик гонорари шаклида ҳақ тўланадиган адабий иш, шу жумладан, алоҳида асарларни таҳрир, таржима қилиш ва уларга тақриз ёзиш бўйича ишлар.

 

  1. Меҳнатга бир марта ҳақ тўланган ҳолда техник, тиббий, бухгалтерия, ҳуқуқий ва бошқа экспертиза (маслаҳат бериш).

 

  1. Умумтаълим мактаблари ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ўқитувчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари усталари, мактабгача таълим муассасаларининг педагог ходимлари, таълим муассасалари концертмейстерлари ва аккомпаниаторларининг айнан бир таълим муассасасидаги ўқув юкламасининг белгиланган нормасидан ортиқча иши.

 

Қаранг: ВМ 2008 йил 3 майдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш тўғрисида”ги 127-сон Қарорининг 2-банди

 

  1. Соғлиқни сақлаш муассасаларида ойига 24 соатдан ортиқ бўлмаган ҳажмда, меҳнатга бир марта ёки соатбай ҳақ тўланган ҳолда, тиббиёт маслаҳатчилари вазифаларини бажариш.

 

  1. Илмий-тадқиқот муассасаларида ва олий таълим муассасаларида ушбу таълим муассасалари штатида турмаган илмий ходимлар томонидан катта илмий ходимларга — изланувчиларга раҳбарлик қилиш.

 

  1. Ходим томонидан сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва жамоат бирлашмалари марказий ва ҳудудий органларининг сайлаб қўйиладиган лавозимларида раҳбар ходим, Кузатувчи кенгаш ёки Директорлар (бошқарувчилар) кенгаши раиси ёки аъзоси, Маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида қўмитани бошқарувчи, ишончли бошқарувчи ёки ташкилотда давлатнинг ишончли вакили сифатида бажариладиган иш.

 

  1. Жамоатчилик асосида бажариладиган ишлар.

 

Изоҳ: 2-бандда, 3-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида, шунингдек 4, 5, 7, 9 ва 10-бандларда кўрсатилган ишларни асосий иш бўйича иш вақтида бажаришга йўл қўйилмайди. Ишларнинг бошқа турлари ишларнинг хусусиятига кўра ҳам асосий иш вақтида, ҳам ундан ташқари вақтда бажарилади.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.10.00 Ўрта-махсус касб-ҳунар таълими (лицейлар, колледжлар);

2.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.28.00 Амалиёт. Стажировка]

[ТСЗ:

1.Ижтимоий-маданий масалалар / Таълим]

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

КАСБ-ҲУНАР КОЛЛЕЖЛАРИ ЎҚУВЧИЛАРИНИНГ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АМАЛИЁТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 7-сон, 71-модда)

«Таълим тўғрисида», «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 1998 йил 13 майдаги 204-сон қарорига мувофиқ, малакали мутахассислар тайёрлашнинг юқори сифатини ва уларнинг амалий кўникмаларни янада самарали эгаллашини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари касб-ҳунар коллежлари билан корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ўртасида уларда ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиш юзасидан шартномалар тузишда кўмаклашсинлар.
  3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, тасарруфида касб-ҳунар коллежлари бўлган вазирликлар ва идоралар:

касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан ишлаб чиқариш амалиётини тасдиқланган Низомга мувофиқ ўташ тартибининг ҳар бир туман (шаҳар) ҳокимлигига, ҳар бир касб-ҳунар коллежи, корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарларига етказилишини бир ой муддатда таъминласинлар;

касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўтказишнинг зарур даражада, сифатли ташкил этилиши юзасидан режали назоратни амалга оширсинлар;

касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва ўтказишнинг аҳволи юзасидан мунтазам равишда мониторинг олиб борсинлар, уни ўргансинлар ва таҳлил қилсинлар.

  1. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2009 йил 11 февраль,

40-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 11 февралдаги 40-сон қарорига
ИЛОВА

Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ тартиби тўғрисида

НИЗОМ

  1. Умумий қоидалар
  2. Ушбу Низом касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ тартибини белгилайди.
  3. Касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг (кейинги ўринларда ўқувчилар деб аталади) корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ўрта махсус, касб-ҳунар таълими асосий таълим дастурининг таркибий қисми ҳисобланади.
  4. Назарий таълим бериш жараёнида ўқувчилар томонидан олинган билимларни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш, олинадиган мутахассислик бўйича зарур лаёқатга, кўникмаларга ва амалий иш тажрибасига эга бўлиш ишлаб чиқариш амалиётининг мақсади ҳисобланади.
  5. Ишлаб чиқариш амалиёти ўқувчиларни меҳнат фаолиятига тайёрлаш шаклларидан бири ҳисобланади ҳамда уларни ишлаб чиқариш шароитларида олинган касб-ҳунар бўйича кўникмалари ва билимларини мустақил равишда қўллашга, ўқув дастурларида назарда тутилган ишларни сифатли ва унумли бажаришга ўргатишни вазифа қилиб қўяди.
  6. Ўқувчиларнинг корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардаги ишлаб чиқариш амалиёти Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг тармоқ таълим стандартига мувофиқ амалга оширилади.
  7. Ишлаб чиқариш амалиёти ўқувчиларнинг касб-ҳунар коллежи билан корхона, муассаса ёки ташкилот ўртасидаги шартнома асосида ишлаб чиқариш ёки техник жараёнда мунтазам ва бевосита қатнашиши йўли билан ўтказилади.
  8. Касб-ҳунар коллежи тармоқ ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда тегишли корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади ҳамда ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этади.
  9. Ишлаб чиқариш амалиёти, қоидага кўра, корхона, муассаса ёки ташкилотнинг ихтисослашувига боғлиқ ҳолда ушбу мақсад учун махсус ажратилган, ўқувчилар ўқишни тугатгандан кейин ишга жойлашиши мумкин бўлган ўқув-ишлаб чиқариш жойларида ўтказилади.
  10. Касб-ҳунар коллежлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўтказишдаги фаолияти
  11. Касб-ҳунар коллежлари ишлаб чиқариш амалиётини сифатли ташкил этиш ва муваффақиятли ўтказиш учун ўқув дастурларига мувофиқ ўқувчиларни олдиндан назарий жиҳатдан тайёрлашни таъминлайдилар, ўқувчилар томонидан техника хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг пухта ўрганилишини ташкил қиладилар.
  12. Касб-ҳунар коллежлари ишлаб чиқариш амалиёти бошланишидан кечи билан бир ой олдин корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан уларнинг базасида ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиш тўғрисида шартнома тузадилар.

Шартномада касблар бўйича ўқувчилар сони, ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиш муддатлари ва ҳар бир ўқувчининг ишлаб чиқариш амалиёти дастурида назарда тутилган барча иш турларини мустақил равишда бажаришга ўрганиши учун ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш ёки техник фаолиятнинг бир туридан бошқасига ўтиш жадвали белгиланади.

  1. Касб-ҳунар коллежи ишлаб чиқариш амалиёти вақтида:

ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарига, жиҳозларга, мосламаларга ва бошқа меҳнат анжомларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишини;

хом ашё, материаллар ва электр энергиясининг тежамли сарфланишини;

ўқувчилар томонидан корхона, муассаса ва ташкилотнинг тегишли маъмурий ва ишлаб чиқариш ходими кўрсатмалари ва фармойишлари бажарилишини таъминлаши шарт.

  1. Касб-ҳунар коллежи:

ишлаб чиқариш таълими усталарига ёки ишлаб чиқариш амалиёти раҳбари бўлган ўқитувчиларга уларни амалиёт ўтказиладиган жойларга юборишда хизмат сафари харажатларининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланишини;

ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиш режаларида назарда тутилган экскурсияларини ташкил этиш бўйича харажатларнинг тўланишини таъминлайди.

  1. Касб-ҳунар коллежи ишлаб чиқариш амалиётига услубий раҳбарликни, ўқув дастурларида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини, шунингдек кўрсатиб ўтилган тадбирларнинг ўқувчилар томонидан бажарилишини ва улар бажарган ишларнинг техник шартларга мувофиқлигини текширишни амалга оширади.
  2. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ишлаб чиқариш амалиёти даврида қуйидагиларга мажбур:

ўқувчилар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва улардан олинадиган мутахассислик билан боғлиқ бўлмаган, шунингдек зарарли меҳнат шароитларида фойдаланишга йўл қўймаслик;

ўқувчиларни ишлаб чиқариш бинолари, тренинг кабинетлари, зарур материаллар, асбоб-ускуналар, техник ҳужжатлар билан ўз вақтида таъминлаш ва ўқувчиларнинг янги ишлаб чиқариш технологияларини, юқори унумли иш методларини ўзлаштириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

ўқувчиларга йўл-йўриқлар беришни ва ишлаб чиқариш амалиётига техник раҳбарликни ташкил этиш, касб-ҳунар коллежининг педагог ходимларига ишлаб чиқариш амалиётини ўтказишда ёрдам кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш;

ўқувчиларга ишлаб чиқариш амалиёти даврида тегишли мутахассисликлар ва касблар ишчилари учун назарда тутилган махсус кийим-бошлар, якка тартибда ҳимояланиш воситалари бериш;

зарур ҳолларда ўқувчиларни ишлаб чиқариш амалиёти ўтадиган жойга етказишни ва у ердан олиб келишни таъминлаш;

ўқувчилар бажарган ишларни ушбу корхона, муассаса ва ташкилотда белгиланган тартибда ҳисобга олиш ва қабул қилиш;

ишлаб чиқариш амалиёти тугагач ҳар бир ўқувчига унинг ишлари сифатини, эришган натижаларини, ишга муносабатини, шунингдек унга бериш учун тавсия этилаётган тариф разрядини кўрсатган ҳолда ишлаб чиқариш тавсифномаси бериш.

III. Ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиш босқичлари

  1. Назарий жиҳатдан ўқитиш, ўрганилаётган мутахассислик бўйича зарур лаёқатни, кўникмаларни ва амалий иш тажрибани эгаллаш жараёнида ўқувчилар олган билимларни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш мақсадида:

касб-ҳунар бўйича бошланғич лаёқат ва кўникмаларни олиш бўйича — ўқув амалиёти;

мутахассислик соҳаси бўйича — ишлаб чиқариш амалиёти;

диплом ишини бажаришдан олдинги малака ошириш (тажриба орттириш) амалиёти ўтказилади.

  1. Ўқув амалиёти ўқувчиларни касб бўйича умумий ва махсус фанларни онгли ва пухта ўрганишга тайёрлаш, уларнинг танланган мутахассислик бўйича амалий касб лаёқати ва кўникмаларини эгаллаши учун ўтказилади.
  2. Ишлаб чиқариш амалиёти корхона, муассаса, ташкилот фаолиятини ўрганиш ва бошланғич амалий тажрибага эга бўлиш асосида махсус фанларни ўрганишда олинган билимларни мустаҳкамлашга, кенгайтиришга, чуқурлаштиришга ва тизимлаштиришга йўналтирилган.
  3. Ўқувчиларнинг диплом ишини бажаришдан олдинги амалиёти ўқитишнинг якунловчи босқичи ҳисобланади ва уларнинг бошланғич касб тажрибасига ва малакага эга бўлиши, ўқувчиларнинг мустақил равишдаги меҳнат фаолиятига касб бўйича тайёрлигини текшириш ҳамда диплом лойиҳаси (иши)га зарур материаллар тўплаш мақсадида ўтказилади.
  4. Ўқувчиларнинг тажриба орттириши диплом ишини бажаришдан олдинги амалиётни ўтказиш турларидан бири ҳисобланади ва якуний давлат аттестациясида диплом лойиҳаси (иши)ни бажариш назарда тутилмаган ҳолларда ўтказилади.
  5. Амалиётни ташкил этиш
  6. Амалиётни ташкил этиш унинг барча босқичларида:

олинадиган мутахассислик ва бериладиган малакага мувофиқ ўқувчиларни тайёрлашнинг зарур ва етарли даражасига бўлган талабларнинг бажарилишига;

ўқувчилар томонидан ишлаб чиқариш амалиёти дастурига мувофиқ касб (меҳнат) фаолияти кўникмаларини эгаллашнинг узлуксизлиги ва изчиллигига йўналтирилган.

  1. Ишлаб чиқариш амалиёти барча босқичларининг мазмуни ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг тармоқ таълим стандартига мувофиқ ишлаб чиқиладиган ишлаб чиқариш амалиётининг намунавий дастурида белгиланади.
  2. Ўқув амалиёти ўқув, ўқув-ишлаб чиқариш устахоналарида, ўқув хўжаликларида, ўқув-тажриба участкаларида ва касб-ҳунар коллежининг ёки корхона, муассаса, ташкилотнинг бошқа ёрдамчи объектларида ўтказилади.
  3. Ўқув амалиёти, қоидага кўра, ишлаб чиқариш таълими усталари томонидан ўтказилади. Ўқув амалиёти фанларни (геодезия, педагогика, тиббиёт ва бошқа фанларни) ўрганишнинг давоми ҳисобланадиган ҳолларда у махсус фанларнинг ўқитувчилари томонидан ўтказилади. Ўқув амалиётлари рўйхати касб-ҳунар коллежи томонидан белгиланади.
  4. Ишлаб чиқариш амалиёти:

ишлаб чиқариш таълими дарслари;

амалий машғулотлар;

тайёрлаш технологияси ишлаб чиқариш амалиёти дастури талабларига жавоб берадиган товар маҳсулотларни ўқувчилар томонидан тайёрлаш бўйича ишлаб чиқариш фаолияти ;

ўқувчиларнинг тажриба-эксперимент, конструкторлик, ихтирочилик ишларида қатнашиши шаклларида ўтказилади.

  1. Ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиш муддатлари касб-ҳунар коллежи томонидан, ўқувчиларнинг назарий жиҳатдан тайёрланганлигини ва касб-ҳунар коллежларининг (устахоналар, ўқув полигонларининг), ўқув-ишлаб чиқариш базасининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
  2. Ишлаб чиқариш амалиёти узлуксиз циклда, шунингдек амалиёт мазмуни билан назарий ўқитиш ўртасидаги алоқа таъминланган тақдирда кунлар (ҳафталар) бўйича назарий машғулотлар билан навбатма-навбат ўтказиш орқали амалга оширилиши мумкин.
  3. Ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиш учун жойлар касб-ҳунар коллежлари билан корхоналар, муассасалар ёки ташкилотлар ўртасида тузиладиган шартномалар асосида белгиланади.
  4. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ўқувчиларга ҳақи тўланадиган иш жойлари, мустақил объектлар, ишлаб чиқариш амалиёти дастурларига мувофиқ ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини таъминлайдиган участкалар бериш ҳуқуқига эга.
  5. Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташда қуйидагиларга мажбур:

ишлаб чиқариш амалиёти дастурида назарда тутилган топшириқларни тўлиқ бажариш;

корхона, муассаса ёки ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилиш;

техника хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини ўрганиш ва уларга қатъий риоя қилиш.

  1. Баҳо ва (ёки) синов ишлаб чиқариш амалиёти ҳар бир босқичининг натижаси ҳисобланади.
  2. Ишлаб чиқариш амалиётининг касб-ҳунар коллежидаги раҳбарлари:

корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқариш амалиётининг иш дастурини тузадилар;

якка тартибдаги топшириқлар мавзусини ишлаб чиқадилар;

ўқувчиларни мутахассисликлар бўйича тақсимлашда ёки уларни иш турлари бўйича бир жойдан иккинчи жойга ўтказишда қатнашадилар;

амалиёт даврида ўқувчилар меҳнатидан тўғри фойдаланилишини назорат қиладилар;

ўқувчилар томонидан якка тартибдаги топшириқларни бажаришда ва диплом лойиҳаси (иши)га материаллар тўплашда уларга услубий ёрдам кўрсатадилар;

ўқувчилар томонидан ишлаб чиқариш амалиёти дастурининг бажарилиши натижаларини баҳолайдилар.

  1. Корхона, муассаса ёки ташкилотнинг раҳбари ёхуд унинг ўринбосари ёки етакчи мутахассислардан бири ишлаб чиқариш амалиётига умумий раҳбарлик қилади.
  2. Ўқувчиларнинг ҳисобот бериш шакли касб-ҳунар коллежи томонидан белгиланади.
Print Friendly, PDF & Email