Манзил: Бухоро шахри А.Навоий кучаси, 3-уй.
Факс: 0 (365) 224-32-80
Web-сайт: http://www.buxoro.kasaba.uz
Савол: Касаба уюшмалари ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя этишда қандай ҳуқуқларга эга?
Жавоб: Касаба уюшмалари ўз аъзоларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя этадилар, аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг ишлаб чиқилишида қатнашадилар. Корхона ва ташкилотларда ишдан бўшатилаётган шахсларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишнинг қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида белгилаб қўйиладиган чораларини кўриш учун иш берувчиларга таклиф этадилар.
Маъмурият, мулкдор ёки улар вакил қилган бошқарув идорасининг ташаббуси билан иш жойларининг қисқартирилиши ёки иш шароитининг ёмонлашувига олиб келадиган корхона, ундаги таркибий бўлинмаларни тугатиш, ишлаб чиқаришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш тегишли касаба уюшмаларини камида уч ой олдин хабардор қилиб қўйилган ва улар билан меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига риоя этиш юзасидан музокара ўтказилган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.
Касаба уюшмалари меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларга риоя этилишини назорат қилиб боради. Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ тегишли касаба уюшма қўмитасининг олдиндан розилиги олинган ҳоллардагина йўл қўйилади.
Савол: Касаба уюшмаларининг ходимларни ижтимоий ҳимоясини қандай амалга оширади?
Жавоб: Маълумки, касаба уюшмаларининг корхоналарда меҳнат шароити ва меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқариш хавфсизлигини таъминлашга, ходимларнинг уй-жой шароитига, уларнинг ижтимоий суғуртага, соғлиқни сақлаш ва маданиятга тааллуқли манфаатларини ҳимоя қиладилар.
Касаба уюшмаларининг республика ва ҳудудий бирлашмалари ўз ваколатлари доирасида меҳнаткашларни ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ҳимоя қилиш тадбирларини ишлаб чиқишда, турмуш даражасининг асосий мезонларини, нарх-наво индекси ўзгаришига қараб товон тўлаш миқдорини аниқлашда қатнашадилар, қонунда белгилаб қўйилган кун кечиришнинг энг паст даражасига ҳамда пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорига риоя этилишини назорат қиладилар.
Касаба уюшмаларининг бирлашмалари юқоридаги масалалар юзасидан тегишли давлат ва хўжалик идоралари билан битим тузиши мумкин.