ЭНГ ЯХШИ КИТОБХОН ЎҚИТУВЧИ

       Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ғиждувон туман кенгашининг таълим муассасаларида меҳнат қилаётган 35 ёшгача ёш педагоглар ўртасида “Энг яхши китобхон ўқитувчи “ танловини ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси   Ғиждувон туман халқ таълими бўлими ва китобсевар ўқитувчилар томонидан қизғин қўллаб- қувватланди.

      Танлов ходимлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, китобхонликни ривожлантириш орқали ходимларнинг Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги билим ва кўникмаларини бойитиш, таълим муассасаларидаги китобхон ўқитувчиларни аниқлаш, уларни рағбатлантириш ва бошқаларга ўрнак сифатида кўрсатиш, китоб ўқишга даъват этиш, китоб ўқишга бўлган қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди. Танловнинг 1- босқичида тумандаги 65 та ўрта умумий таълим мактабларидан 100 нафарга яқин китобсеварлар “Ижтимоий сиёсий, маънавий маърифий китоблар билимдони”, “Мен севган адиб” “Шеърият гулшани” “Топқир китобхон” “Образ шоу”шартлари бўйича беллашиб, улардан 13 нафари туман босқичига йўлланма олишди.

       Қизғин муросасиз беллашувда ёш ўқитувчилар ўзбек, жаҳон адабиёти асарлари, шоир ва ёзувчилар ҳаёти ва ижоди бўйича чуқур билимларини намойиш этдилар. Танловда Ғиждувон тумани 30-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Муҳайё Тошева ғолиб бўлиб, бош совринни қўлга киритди.

     “Ўқувчилар ўртасида “Энг яхши китобхон” танловини ўтказганимда,

ўқувчим Ситора Исоқова “Навоий ворислари” Республика кўрик-танловида ғолибликни қўлга киритганида, ўқитувчилар ўртасида шундай танлов эълон қилинса-ю, мен ҳам иштирок этиб, билимларимни синасам, деб орзу қилган эдим. Орзуим рўёбга чиқди. Энг асосийси, танловга тайёргарлик жараёнида жуда кўп китоб, газета ва журналларни қайта –қайта ўқиб, билимларимни бойитдим. Бундай ибратли ташаббуслар бардавом бўлишини тилаб, ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман,- “ деди Муҳайёхон .

   Ўқитувчиларнинг танловга бўлган қизиқишини ҳисобга олиниб, танловни ҳар йили ўтказишга қарор қилинди.

Райхон Носирова

Масъул ташкилотчи

Print Friendly, PDF & Email