Санъатим сенга, обод юртим!

Жорий йилнинг 3 июль куни Бухоро санъат коллежида корхона, ташкилот, муассасаларда, фермер хўжаликларида меҳнат қилаётган, кичик бизнес ва тадбиркорлик ҳамда касаначилик билан шуғулланаётган, бадиий ҳаваскорликка иқтидори бўлган    ишчи-ходимлар ўртасида уларнинг  бўш вақтларини сермазмун ўтказиш, бадиий ҳаваскорлик ижодиётини, миллий қадриятларимизга бўлган муносабатларни ривожлантириш, юрт ободлиги ва фаровонлигини, истиқлолимизга шукроналик туйғуларини мадҳ этиш, меҳнат жамоаларидаги санъатга иштиёқманд бўлган, иқтидорли ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, бадиий ҳаваскорликни кенг тарғиб этиш мақсадида “Санъатим сенга, обод юртим!” ижодий кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Кўрик-танлов анъанавий ижрочилик, эстрада қўшиқчилиги,  чолғу ижрочилиги ҳамда    рақс ижрочилиги  йўналишлари бўйича ўтказилди.

Танловда 80 нафар иштирокчи қатнашди. Иштирокчилар томонидан мумтоз ва ўзбек 

бастакорлари томонидан яратилган куй-қўшиқлар, мақом шўъбалари, Ватан ва истиқлолни, фаровон турмушимизга шукроналикни мадҳ этувчи, миллатлараро дўстликни ифода этувчи турли миллат куй-қўшиқ ва рақслари ижро этилди.

Кўрик-танлов якуний натижасига кўра йўналишлар  бўйича 1-ўринни Бухоро туманидаги “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги ишчиси Бешим Ҳожиев, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро ўқув ишлаб чиқариш корхонаси 

ходими Адиз Саидов, Ғиждувон туман маданият  ва аҳоли дам олиш маркази ходими Мафтуна Мухамедова ва Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Ғиждувон ўқув ишлаб чиқариш корхонаси ишчиси Марат Қурбоновлар эгаллашди.

Ғолиблар  вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан қимматбаҳо совғалар ва дипломлар билан тақдирландилар.

Шунингдек, кўрик-танлов иштирокчиларидан 6 нафари  “Фаол иштироки учун” номинацияси  бўйича ҳам тақдирландилар.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари

бирлашмаси кенгаши матбуот котиби

Р.Нусратова

Print Friendly, PDF & Email