Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Вобкент туман кенгаши тасарруфидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш, меҳнат самарадорлиги ва фойдали иш коэффициентини ошириш мақсадида меҳнат жамоаларида ходимлар гимнастикаси жорий этилган бўлиб, ходимларнинг мунтазам равишда шугулланишлари йўлга қўйилган.
Бу борада Вобкент тумандаги 1-мактабгача таълим муассасасида олиб борилаётган ишлар фикримиз далилидир. Ушбу масканда ходимлар мунтазам равишда мусиқа садолари остида фойдали гимнастик машқлар мажмуи билан шуғулланиб келмоқдалар. Ходимлар гимнастикаси унча қийин бўлмаган комплекс жисмоний машқлардан иборат эканлиги, уни ҳар куни ишдан ажралмаган ҳолда бажариш зарурлиги, бунинг натижасида ходимларнинг жисмоний ҳолати функционал яхшиланиши ва меҳнат самарадорлиги янада ошиши, энг асосийси бу машқлар иш жойида ва иш кийимида ўтказишга мослаштирилганлиги, машқларнинг тиббиёт ходими ва спорт бўйича йўриқчи назоратида бажарилаётгани ходимлар гимнастикаси самарасини янада оширмоқда. Бу ўз навбатида тарбиячиларнинг фарзандларимизга тетик ва толиқмай тарбия бериш имкониятини оширмоқда.
Ҳозирда ходимлар ушбу машқларни шунчаки ўтказибгина қолмай, балки улар ўзларида чарчоқ ҳолатларининг камайгани, қон айланиш тизимининг яхшилангани, иш жараёнида ўзларини тетик сезишаётганлиги ҳақида бир-бирлари билан фикр алмашиб келишмоқда. Бунинг учун бутун жамоа касаба уюшмаси ташкилотидан миннатдор.
Матбуот хизмати