Маълумки, бошланғич ташкилотлар касаба уюшмаларининг пойдеворидир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2018 йил 2 октябрдаги 10-5 сонли “Бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари кунини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлими бош юрисконсульти Г.Бабаниязова ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими ходимлари томонидан 2019 йил 12-13 март кунлари “Бухоро пахта тозалаш” акциядорлик жамияти, Вобкент туман тиббиёт бирлашмаси, Вобкент туман ободонлаштириш бошқармаси, Бухоро “Мурувват” ногирон болалар учун интернат уйи, “ДЭУ ТЕКСТИЛЬ” Бухоро филиали, Бухоро вилоят қурилиш бош бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги инжиниринг компанияси, шунингдек, бошқа бир қатор корхоналарнинг бошланғич касаба уюшма ташкилотларига амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Бошланғич касаба уюшмалари фаолияти тўғрисида иш берувчиларнинг фикрлари эшитилиб, уларнинг таклифлари олинди. Меҳнат қонунчилиги йўналишида мавжуд муаммоларни ҳал этишда маслахатлар берилди.
Амалий ёрдам жараёнида нафақат корхоналардаги бошланғич касаба уюшма ташкилотларида мавжуд ҳужжатлар тартибга келтирилди ёки камчиликлари тузатилди, ўтказилган давра суҳбатларида ходимларнинг дил сўзлари эшитилди.
Бухоро “Мурувват” ногирон болалар учун интернат уйи раҳбари Шоира Шамсиева бу каби амалий ёрдам жуда зарурлигини, айниқса малакали юристлар томонидан меҳнат қонунчилигига, меҳнатга ҳақ тўлаш масалаларига, меҳнат таътилларини берилиши, меҳнат шартномасини иш берувчи томонидан бекор қилиниши ва тунги вақтдаги ишлар учун ҳақ тўлашга (қоровуллар сменаси) оид масалалар юзасидан кўплаб саволларига жавоб олганлигини билдирди. Бошқа ташкилотда раҳбар бўлиб ишлаганида ходим билан унинг ўртасида ишга тиклаш масаласида юзага келган меҳнат низоси сабаб уч йил барча инстанция судларига қатнаганлигини, кейинги 2-3 йил ичида корхонада меҳнат қонунларини устиворлиги таъминланаётганлигини ҳамда жамоа шартномаси талаблари бекаму-кўст бажарилаётганлигини мамнуният билан гапирди.
Бухоро вилоят қурилиш бош бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги инжиниринг компанияси ходимлари, касаба уюшмалари бошланғич ташкилотларига кўрсатиладиган амалий ёрдамлар инсонпарварлик ва қонунийлик тамойилларини яхшиланишига кўмаклашишини, амалий ёрдам ишни тўғри ташкил этишда асқотишини, меҳнат муносабатларини тартибга солишда жамоа шартномаси билан ишлаш муҳим ҳисобланишини ва ушбу шартнома бандларида белгилаб қўйилган асосий талаблар амалда бажарилиб келаётганлигини билдиришди.
Бирлашма юридик бўлими етакчи
юрисконсульти Ҳ.Чориев