2019 йил 23 апрель куни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши мажлислар залида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамкорлигида “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан “Аёллар ва ёшларнинг меҳнат муҳофазаси эътибор марказида” мавзусидаги республика амалий мулоқоти ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати, Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия раиси Файзиева Дилором Ҳусниддиновна, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппаратининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Каримова Нодира Баходиржановна, Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Ишанходжаев Асрор Асланович, Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ибрагимова Фируза Баходирхоновналар иштирок этишди.
Шунингдек, тадбирда корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган фаол аёллар ҳамда вилоятимиз ёшлари қатнашдилар.
Амалий мулоқотда сўзга чиққанлар корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаётган хотин-қизларга ва ёшларга иш берувчилар томонидан яратилаётган қулай меҳнат шароитлари, қонунда белгиланган имтиёзларни берилиши, касаба уюшмалари ташкилотларида аёллар ва ёшлар учун меҳнат муҳофазаси бўйича амалга оширилаётган ишлар, мажбурий меҳнат ва уни бартараф этиш чоралари, аёлларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, янги иш ўринларини яратилиши тўғрисида ўз фикрларини билдирдилар.
Бирлашма кенгаши меҳнатни
муҳофаза қилиш бўлим мудири Ҳ.Барноев