Меҳнат фахрийлари қадр топган юртда меҳр-оқибат, қут-барака, тинчлик-хотиржамлик бўлади. Шу боис халқ таълими тизимида фидокорона меҳнат қилиб, бугунги кунда нафақада бўлган фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш, сиҳат-саломатлигидан хабардор бўлиш, тиббий сиҳатгоҳларда саломатликларини тиклашга кўмаклашиш, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш касаба уюшмаларнинг асосий вазифаларидан биридир.
Жорий йил 4 май куни Бухоро шаҳар 25-сон ўрта умумтаълим мактабида “Устозларни ёд этиш- шогирдлар саодати” мавзусида XXX Анъанавий спартакиада ташкил этилди.
Мазкур тадбирга таълим даргоҳида меҳнат қилиб, ҳозирда нафақада бўлган 35 нафар мехнат фахрийлари хамда 10 нафар вафот этган ходимлар оила аъзолари таклиф этилди. Тантанали тадбир олдидан сўзга чиққанлар устозларнинг маърифат улашишдек машаққатли меҳнатларини ҳар бир шогирд нечоғли қадрлаши ва улар олдида бош эгишларини таъкидлаб ўтишди. Тадбирда таълим муассасининг ўқувчилари ижросида байрам дастури тайёрланиб, куй-қўшиқлар, рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади. Шунингдек, тадбир давомида ўқувчилар ўртасида эркин кураш, волейбол, стол тенниси, армреслинг бўйича, фахрийлар ўртасида шахмат, шашка, ходимлар оила аъзолари ўртасида “Соғлом оила” спорт мусобакалари ўтказилди.
Тадбир якунида мусобақа ғолиблари хамда меҳнат фахрийларига таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар кенгаши, ҳамкор ташкилотлар ва ҳомийларнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси
Бухоро шаҳар кенгаши раиси Д.Аралова