АВВАЛ ВАТАН, КЕЙИН ЖОН

Киприк кетар, кўз қолар,

Қолар Ватан, жонажон,

Жамолдан шу сўз қолар,

Аввал Ватан,  кейин жон…

Жамол Камол

Бухоро муҳандислик-технология институтида 2019 йил 22 июнь куни O’zlidep сиёсий таълим маркази, институт касаба уюшмаси қўмитаси ва “Ижтимоий фанлар” кафедраси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббуснинг ижроси доирасида, “Аввал Ватан, кейин жон” деб номланган адабий учрашув ва маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Мазкур шеърият, нафосат байрамини ташкил этишдан мақсад — Бухоройи Шарифнинг асл фарзанди, моҳир таржимон, давлат ва жамоат арбоби, зукко олим, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолнинг 80 йиллик юбилейини нишонлаш ва олти жилдлик сайланмасининг тақдимотини ўтказишдан иборат бўлди. Шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлодга китобхонлик маданияти – ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва ривожлантириш омили эканлигини, китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги бўлмаслигини англатишдан иборат бўлди.

Тадбирни институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори доцент. Шуҳрат Маҳмудович Ходжиев очиб берди. У киши барчани китобхонлик ва маънавият байрами билан табриклаб, Бухоронинг асл фарзанди Жамол Камолнинг мазкур тадбирга ташриф буюрганлиги унга файз ва шукуҳ бағишлаганлиги ҳақида сўзлаб, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолнинг халқимиз олдида қилган хизматлари ҳақида  гапириб берди.

Ижтимоий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси Мавлуда Раҳмонова сўзга чиқиб, Жамол Камолнинг таржимаи ҳоли, таржимонлик маҳорати ва ўзбек адабиётининг ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида тўхталди.

O’zLiDeP Сиёсий таълим маркази раҳбари, доцент  Насим Ҳошимович Алимов “Президентимизнинг  5 муҳим ташаббуслари — ҳаётга!” мавзусида маъруза қилиб, ёшларга китобхонлик маданияти – ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва ривожлантириш омили эканлигини тушунтириб берди ва Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолни мана шу муҳим ташаббусни қўллаб – қувватлаб, улуғ ёшда эканликларига қарамай, Республикамиз бўйлаб маърифат улашиб, олийгоҳларга китоб улашиб, маърифат тарқатиб юрганликларини алоҳида таъкидлади.

AҚШ нинг Mичиган университети икки профессори —  Темирхўжа ўғли Кўчарли ҳамда Грехан Норманлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолни ўтган асрнинг 70 йилларидан бошлаб танишини, устози томонидан айнан мана шу ўзига хос, забардаст шоирнинг ижодини ўрганиш таклифи бўлганлиги туфайли 50 йилдан буён у кишининг ижодини доимий равишда кузатиб бориши ва кўплаб илмий асарлар ва мақолалар ёзганлигини гапириб беришди.

Айниқса, Темирхўжа ўғли Кўчарлининг бухоролик йирик савдогар Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг авлоди эканлиги ва улар ҳали ҳам оиласи билан Бухорони, Ўзбекистонни тарихий она Ватан деб билишларини айтиб, таржимонсиз, тушунарли ўзбек тилида гапирганда, барча йиғилганлар хурсанд бўлиб уни олқишладилар.

Ўзбекистон халқ шоири Жамол  Камолнинг “Кўнгил одами бўлинг” деб номланган маърузаси профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва барча меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.

Тадбир сўнгида Жамол Камолга институт маъмурияти томонидан Бухоронинг қадриятлари, миллий анъаналарини ўзида акс эттирган китоб – альбом “Бухоро ҳунармандчилиги дурдоналари” китоби тақдим этилди. Шоир томонидан эса, ўз навбатида шоирнинг 6 жилдлик сайланмалари ва бошқа китоблари ёшлар мутолаа қилишлари учун институт ахборот  ресурс марказига  совға қилди.

Адабиётга ошно кўнгил соҳиблари бўлган ёшлар ва мухлис профессор-ўқитувчиларнинг шоирга гуллар совға қилишгани тадбирга яна ҳам кўтаринки кайфият бағишлади.

Мазкур тадбирда, шунингдек, китобсеварлик маданияти, китобни қадрлаш, унда тараннум этилган ғоялардан келиб чиқиб, Ватанга, оилага садоқат ва фарзандларни баркамол этиб тарбиялаш – муҳтарам юртбошимизнинг биз – олий таълим профессор – ўқитувчилари ва талабалари олдига қўйган талаблари эканлиги уқтирилди. Иштирокчилар, халқаро миқёсга айланиб кетган ушбу тадбирдан жуда мамнун бўлдилар.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси

Print Friendly, PDF & Email