Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббусига асосан ҳар йили 12 июнь санасида “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни” кенг нишонланади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг охирги маълумотларига кўра дунё бўйича 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган 218 млн. бола ишлашга мажбурдир. Уларнинг 152 миллион нафари болалар меҳнатидан жабрланганлар бўлиб, шундан
73 миллион нафар бола хавфли меҳнатга жалб қилинган. Энг ачинарлиси, ушбу 152 миллион боланинг қарийб ярми 5-11 ёшдаги болалардир. Дунё бўйича болалар меҳнати деярли барча соҳаларда учрайди, бироқ 10 боланинг 7 таси қишлоқ хўжалигида меҳнат қилади.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлкатимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол ривожланиши учун барча зарур
шарт-шароитлар яратилган бўлиб, ушбу масала давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Мазкур сана муносабати билан жорий йилнинг 12 июнь куни вилоятдаги 14 та болалар соғломлаштириш оромгоҳларида
“Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни”га бағишлаб “Қишлоқ хўжалигида болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланилишига йўл қўймаслик” мавзусидаги тадбирлар вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилди.
Тадбирлар доирасида Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва тармоқ касаба уюшмалари туман (шаҳар) Кенгашлари мутахассислари томонидан турли ёшдаги болаларга мазкур сананинг моҳияти интерактив усуллар орқали тушунтириб берилди. Жумладан, тадбир иштирокчиларига Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббусига кўра ҳар йили 12 июнь барча давлатларда Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланиши, жорий йил мазкур санага бағишланган тадбирлар бутун дунё бўйлаб “Болалар далаларда эмас, балки орзуларда ишлаши керак!” шиори остида ўтказилаётганлиги, қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ишлари ҳамда мамлакатимизда бола ҳуқуқларининг таъминланиши тўғрисидаги слайдлар ёрдамида батафсил маълумотлар берилиб, тематик видеороликлар намойиш этилди.
Хусусан, намойиш этилган мавзуга оид слайд ва видеороликларда дунёнинг айрим мамлакатларида уларнинг тенгдошлари қандай турли шароитларда яшаётганликлари ва меҳнат қилаётганликлари, Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра дунё бўйича 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган 218 млн нафар болалар ишлашга мажбур эканлиги, бу каби ҳолатлар болаларнинг ҳар томонлама камол топишига ва билим олишига имкон бермаслиги билан бирга, уларнинг жисмоний, ақлий ва аҳлоқий ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатиши айтиб ўтилди. Шунингдек, болаларга Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Президентимиз томонидан илгари сурилган Бешта муҳим ташаббус бўйича амалга оширилаётган ҳамда мамлакатимизда барча болаларнинг тўлақонли билим олишлари, ҳар томонлама камолга етишлари, таътил даврида мароқли дам олишлари учун яратиб берилган имконият ва шарт-шароитлар ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб берилди.
Интерфаол усулларда болалар билан бола ҳуқуқлари борасида савол-жавоб викториналари ташкил этилиб, болаларнинг бу борадаги фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Шунингдек, тадбир дастурига асосан оромгоҳларда турли соҳаларда юқори натижаларни қўлга киритиб келаётган соҳа вакиллари билан учрашув ва маҳорат дарслари, қўшиқ ва шеърлар, расм чизиш танловлари, ўзларининг орзулари ва келажакдаги касбларига оид расмлар кўргазмалари, гуруҳларга бўлинган ҳолда қизиқарли ўйинлар ва спортнинг футбол, шахмат, шашка каби турлари бўйича мусобақалар ўтказилиб, якунда оромгоҳ дам олувчиларининг бадиий чиқишлари ташкил этилди.
Тадбирлар сўнгида ўтказилган савол-жавоб викториналари фаол иштирокчилари ва мусобақа ғолиблари ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.
Бирлашма кенгаши Меҳнаткашларнинг
ижтимоий-иқтисодий манфаатларини
ҳимоя қилиш бўлими