Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг корхона, ташкилот ва муассасаларда тутган ўрни ва мавқеини янада ошириш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур меъёрий-ҳуқуқий асосларни яратиш мақсадида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ҳар икки йилда ўтказиладиган “Энг намунали бошланғич ташкилот” республика кўрик-танловининг ташкил этилиши, бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг муҳим омили ҳисобланади.
Жорий йилда мазкур кўрик-танлов, Бухоро вилояти касаба уюшмалари тизимида ҳам юқори савияда ташкил этилиб, тармоқ касаба уюшмалари томонидан барча шаҳар ва туманларда, биринчи босқичда 1500 дан ортиқ, иккинчи босқичда 250 дан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилоти кўрик-танловга қамраб олинди.
Кўрик-танловнинг вилоят босқичлари тармоқ касаба уюшмалари масъул ташкилотчилари томонидан холислик ва адолат мезонларига амал қилган ҳолда, аъзолар сони 100 нафаргача ва 100 нафардан ортиқ бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида ташкил этилди.
Жорий йилнинг 7 июнь куни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши катта мажлислар залида тармоқ касаба уюшмаларидан кўрик-танловнинг вилоят босқичида ғолиб бўлган 36 та бошланғич касаба уюшма ташкилотини тантанали тақдирлаш тадбири ташкил этилди.
Тадбирнинг тантанали маросими бошланишидан олдин “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови ғолибларининг иш фаолияти ва тажрибасидан кўргазма қилиниб, ёш касаба уюшма фаолларининг ўзаро тажриба алмашинуви ташкил этилди.
Шунингдек, вилоят босқичи ғолиби бўлган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари қўмита раислари ўз маъруза ва тақдимот слайдлари билан чиқиш қилдилар.
Тадбир якунида ғолиб ташкилотларга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Шунингдек, вилоятимиз таниқли санъаткорлари ўз концерт дастурларини намойиш этдилар.
Тантанали тадбир сўнгида, кўрик-танловнинг вилоят босқичи ғолиблари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан ўтказиладиган кўрик-танловнинг Республика финал босқичига йўлланма олишди.
Бирлашма кенгаши ташкилий ишлар бўлими