Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ғиждувон туман кенгаши томонидан жорий йилнинг 25 июнь куни Ғиждувон туманидаги мактабгача таълим ташкилотларининг иш берувчилари учун “Ходимлар меҳнати муҳофазаси –асосий вазифамиз” мавзуида семинар ташкил этилди. Семинарни туман кенгаши раиси Ю.Ҳомидов очиб, мамлакатимизнинг меҳнат қонунчилигида меҳнат муҳофазаси масаласига алоҳида ўрин берилганлиги, бу давлатимизнинг ҳам доимий диққат-эътиборида эканлигини таъкидлаб ўтди.
Семинарда бирлашма кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Х.Барноев “Касаба уюшмасига аъзо ташкилотларида ишловчи ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиб беришда иш берувчиларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича амалдаги қонун ва меъёрларга риоя қилишлари тўғрисида” мавзуида маъруза қилди. Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида” ги Қонунининг амалга татбиқ этилиши, ишларни бехатар олиб бориш услублари, ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда содир бўладиган бахтсиз ходисаларнинг олдини олиш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатланиш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказишни ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Меҳнат муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси И.Бердиев меҳнат муҳофаза қилиш бўйича таълим муассасаларида юритиладиган ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ҳақида батафсил тушунтириб берди. Мавзу бўйича иш берувчи вакиллар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси
Ғиждувон туман кенгаши