Бухоро муҳандислик-технология институтида 2019 йил 22 июнь куни O’zlidep сиёсий таълим маркази, институт касаба уюшмаси қўмитаси ва“Ижтимоий фанлар” кафедраси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббуснинг ижроси доирасида Бухоройи Шарифнинг асл фарзанди, моҳир таржимон, давлат ва жамоат арбоби, зукко олим, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол билан адабий учрашув ташкил этилди.
Тадбирни институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Шуҳрат Ходжиев очиб берди. У барчани китобхонлик ва маънавият байрами билан табриклаб, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолнинг халқимиз олдида қилган хизматлари ҳақида сўзлади. Ижтимоий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси Мавлуда Раҳмонова Жамол Камолнинг таржимаи ҳоли, таржимонлик маҳорати ва ўзбек адабиётининг ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида гапириб берди. Адабий учрашувда фалсафа фанлари номзоди, доцент Лайло Шарипова Жамол Камол шеъриятининг ўзига хослиги хусусида маъруза қилиб, шоир шеърларидан ўқиб берди. Институт “Тиллар” кафедраси мудири, фалсафа фанлари номзоди, доцент Гуландом Юнусова “Румийни танитган аллома” мавзусида маъруза қилди.
Тадбирда иштирок этган AҚШнинг Mичиган университети профессорлари — Темирхўжа ўғли Кўчарли ҳамда Грехан Норман, O’zLiDeP Сиёсий таълим маркази раҳбари Н.Ҳ. Алимов, Бухоро давлат университети профессорлари С.И. Иноятов ҳамда Ш.Ҳ.Ҳайитовлар профессор –ўқитувчилар ва талабаларга китобхонлик маданияти ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва ривожлантириш омили эканлигини, китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги бўлмаслигини буюк шоирЖамол Камолнинг ҳаёт йўли, ижоди мисолида тушунтириб беришди.
Ўзбекистон халқ шоири, таржимонлик соҳасидаги буюк хизматлари учун Эрон Ислом Республикаси Халқаро Давлат мукофоти совриндори, Туркия Республикаси Халқаро Давлат мукофоти соҳиби, АҚШнинг Небраска штати ва Линкольн шаҳри Фахрий фуқароси, Шекспир асарларининг таржимаси учун Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг ташаккурномасини олган ва Озарбайжон Республикаси Евроосиё университетининг Фахрий доктори, Озарбайжон Республикаси Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси этиб сайланган Жамол Камолнинг “Кўнгил одами бўлинг” деб номланган маърузаси, айниқса, “Нимагаки эришган бўлсам, китобни севганим ва ардоқлаганим учун эришдим” – деган гаплари барча учун бир умрга эсда қоларлик сабоқ бўлди.
Тадбир сўнгида Жамол Камолга Бухоронинг қадриятлари, миллий анъаналарини ўзида акс эттирган “Бухоро ҳунармандчилиги дурдоналари” китоби тақдим этилди. Шоир 6 жилдлик сайланмалари ва бошқа китобларини институт ахборот ресурс марказига совға қилди.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси