4 сентябрь куни Вобкент туман 3-умумий ўрта таълим мактабида гулдаста кўтарган ўқувчилар, юзларида меҳр балқиган устозлар, меҳмонлар ва ота-оналар билан гавжум бўлди. Мактабда “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.
Табрик учун илк сўз мактаб директори С. Мирзаевга берилди. Мактаб директори барчани Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллиги ҳамда янги ўқув йили билан қутлаб, бошланган янги ўқув йилида зафарлар, муваффақият тилади.
Тадбирга ташриф буюрган Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Бухоро вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Р. Носирова халқ таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, янги ўқув йилидаги вазифалар ҳақида тўхталиб, 3-умумий ўрта таълим мактаби ҳақида , устозлар ҳақида илиқ сўзлар айтди.
Тадбирда ўқув даргоҳида таълим олиб, бугунги кунда юрт ва эл ардоғида бўлган битирувчилар, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
1-синф ўқувчиларига Президент совғалари топширилди. Барча йиғилганлар жажжи ўқувчиларга, мурғак қалб эгаларига оқ йўл ва омад тилади.
Таълим, фан ва маданият ходимлари
касаба уюшмаси Вобкент туман кенгаши