Устозларга эътибордан — миннатдормиз

Болалигимдан  ўқитувчи  бўлишни орзу қилганман. Орзуларим мени  Бухоро давлат педагогика институтига етаклади.  Олий таълим даргоҳини тугатиб, меҳнат  фаолиятимни  Бухоро шаҳридаги  20 – умумий  таълим  мактабида бошлаб,  28 йилдан буён бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бериб келаяпман.  Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз касбимга бўлган меҳримни янада юксалтириб,  бор билим ва ҳаётий тажрибамни янги авлод камолоти учун сафарбар этишга ундайди.

Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибордан кўнглимиз тоғдай бўлган бир пайтда  касаба уюшмалари томонидан “Устозлар  — касаба уюшмалари эъзозида” танловининг эълон қилиниши нур устига аъло нур бўлди. 1992 йилдан буён жамоатчилик асосида бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси бўлиб фаолият юритиб келаяпман. Жамоам менга берган ишончга масъулият билан ёндошиб, касаба уюшма аъзоларини қўллаб -қувватлаш борасидаги вазифаларни ўз вақтида бажариб келаяпман.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар кенгаши  томонидан  олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари  натижасида 8 нафар  бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси сифатида фаолият юритаётган ўқитувчилар танловда иштирок этишга қарор қилдик.

Танлов фаолиятимизга танқидий назар солишга, ўзимизга тўғри баҳо беришга ундайди.  Энг асосийси,   тажриба алмашиб, янги ташаббуслардан хабардор бўламиз.

Таълим, фан ва маданият ходимлари

касаба уюшмаси Бухоро шаҳар кенгаши

Print Friendly, PDF & Email