Маълумки, мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳалари қаторида
ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳам кўплаб муҳим ўзгаришлар амалга ошмоқда. Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг реал пул даромадларини ва ҳарид қобилиятини ошириш, кам таъминланган оилалар сони ҳамда аҳолининг даромадлари бўйича фарқланиш даражасини янада камайтириш, бюджет муассасалари ходимлари иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар ҳажмини инфляция суръатларидан юқори миқдорда изчил ошириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳолини, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори мутаносиблигини ва инфратузилмаси ривожланишини таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш учун етарли шароитлар яратиш, иш билан таъминланиши зарур бўлган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини кенгайтириш вазифалари белгилаб берилиб, тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2017-2019 йиллар учун Бош келишувнинг 55-бандига асосан республика касаба уюшмалари фаолларининг вазирлик ва идоралар иштирокида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусидаги давра суҳбатларини ўтказиш белгиланган.
Мазкур давра суҳбатлари ҳудудларда жорий йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши ва республика миқиёсида декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, вазирлик ва идоралар ҳамда бошқа қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари мутасаддилари иштирокида ўтказилиши режалаштирилган.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 21 ноябрь куни Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан вилоят ҳокимлиги, вилоятдаги ҳамкор ва масъул бошқарма, ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида вилоят ҳокимлиги, вилоятдаги мутасадди бошқарма, ташкилот ва муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва касаба уюшмалари вакиллари иштирок этишди.
Давра суҳбати дастурига асосан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” ҳудудий Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш масалалари; бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш бўйича қабул қилинган чоралар ва унинг амалиётга тадбиқ этилиши, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2019-2021 йиллар учун имзоланган Ҳудудий келишувнинг бажарилиши бўйича вилоят ҳокимлиги, вилоят бандлик бошқармаси, вилоят молия бошқармаси ва вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши вакиллар томонидан амалга оширилган бўйича маълумот берилиб, олиб борилган ишлар бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда муносиб меҳнат тамойилларига амал қилиш учун давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида самарали ижтимоий мулоқот йўлга қўйилган. Буни Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида
ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2017-2019 йиллар учун имзоланган Бош келишув мисолида кўришимиз мумкин. Жумладан, бугунги кунда вилоятимизда Бухоро вилояти ҳокимлиги, Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2019-2021 йиллар учун ҳудудий келишув, бевосита корхона ва ташкилотларда эса 6 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларида, шу жумладан, меҳнат соҳасида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, пул-кредит сиёсатини, меҳнат, солиқ, пенсия ва молия соҳасидаги қонунчиликни либераллаштириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар натижасида охирги йилларда иш ҳақи бўйича сурункали қарздорликни бартараф этиш, иш кучи мобиллигини ошириш, фуқароларни ҳорижда ишга жойлаштириш жараёнини соддалаштириш, педагоглар, тиббиёт ва маданият ходимлари, шунингдек, давлат бюджетидан молиялаштирилувчи бошқа тармоқлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш каби масалаларнинг самарали ҳал этилишига эришилди.
Давра суҳбатида касаба уюшма фаоллари томонидан меҳнаткашлар билан жойларда ўтказилган мулоқотлар давомида аниқланган қатор масалалар тегишли бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари эътиборига ҳавола этилди. Хусусан, касаба уюшма фаоллари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ходимларига бериладиган кафолатлар ва бошқа масалаларга оид кўтарилган саволларга мутасаддилар томонидан аниқ ва батафсил жавоблар берилди. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш, бюджет ташкилотлари фермер хўжаликларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш масалалари бўйича фикр алмашилиб, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини изчил ҳимоя қилиш масаласи доимий диққат марказида бўлиши зарурлиги алоҳида таъкидланди. Бу борада доимий равишда амалий чоралар режаси ишлаб чиқиш ҳамда уни амалиётда қўлланилиши тизимлилигини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Давра суҳбати якуни бўйича меҳнат соҳасидаги республика миқиёсида ҳал қилинадиган долзарб муаммо ва таклифларни жорий йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган республика давра суҳбатида кўриб чиқиш учун чора-тадбирлар белгиланиши келишиб олинди.
Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий
манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими