Бугунги кунда бутун дунё аҳолисининг бир миллиарддан ортиғида, яъни еттита кишидан камида биттасида муайян бир турдаги ногиронлик мавжуд бўлиб, барча ногиронларнинг 100 миллиондан ортиғини болалар ташкил этади. Ҳар йили 3 декабрь “Халқаро ногиронлар куни”нинг нишонланишидан асосий мақсад бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.
Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар кенгаши томонидан 3 декабр “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан “Хеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” акцияси доирасида бир қатор хайрия тадбирлари ташкил этилди. Жумладан, Бухоро шаҳридаги 23,24,27,123-махсус мактаб-интернатларда таҳсил олаётган 100 нафар ногирон болалар, тармоқ ташкилотларида фаолият кўрсатаётган 130 нафар ногирон ҳамда ногирон фарзандли ходимлар, шунингдек, имконияти чекланган меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус совғалар ажратилди.
Бугунги кунда тармоқ касаба уюшмаси туман, шаҳар кенгашлари томонидан барча ҳудудларда хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба
уюшмаси Бухоро шаҳар кенгаши
раиси Д.Аралова