Ҳар йили жамоа шартномалари орқали ижтимоий кафолатлар, соғлиқни сақлаш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш масалалари ҳал қилиниб келинмоқда.
Амалдаги жамоа шартномаларида моддий қўллаб-қувватлаш, компенсация миқдорлари, моддий ёрдамлар, қўшимча ва рағбатлантириш тарзидаги тўловлар қоида тариқасида энг кам иш ҳақига боғлаб қўйилган бўлиб, жорий йилда иш ҳақини аниқлаш тартибига ўзгартириш киритилди.
2019 йил 21 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5723-сонли Фармони қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига тўловлар миқдорини аниқлашнинг қуйидаги учта тури амалга оширилади:
меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – 634880 сўм (иш берувчи ўз ходимларига тўлаши керак бўлган энг кам иш ҳақи);
базавий ҳисоблаш миқдори – 223000 сўм (жарималар ва бошқа солиқлар миқдорини аниқлаш мумкин бўлган ҳозирги энг кам иш ҳақи);
пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 223000 сўм (ушбу базавий миқдор пенсиялар, устамалар, қўшимча ҳақ ва компенсация тўловлари миқдорини аниқлашга ёрдам беради).
Қайд этилишича, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1,000 тариф коэффициенти (олдинги мавжуд бўлган ЯТСда тариф коэффициенти 2,847га тенг) бўйича Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси биринчи разряди бўйича ойлик тариф ставкасининг пулдаги ифодаси ҳисобланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори меҳнат муносабатлари соҳасида лавозим маоши, устамалар, қўшимча ҳақ, қўшимча иш учун компенсация тўловлари ва рағбатлантирувчи тусдаги тўловларнинг бошқа турлари миқдорини аниқлашда қўлланилади.
Агар жамоа шартномаларида белгиланган энг кам иш ҳақининг миқдорига боғлиқ мажбуриятларнинг бандлари киритилган бўлса, унда 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб жамоа шартномаларининг ушбу бандлари белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – яъни бугунги кунда 634880 сўмга мувофиқ бўлиши керак.
Бундай ҳолда, жамоа шартномасида белгиланган энг кам иш ҳақининг баравари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори бараварига ўзгартирилиши керак, яъни белгиланган энг кам иш ҳақининг баравари олдинги мавжуд бўлган ЯТС биринчи разряди тариф коэффициенти бўлган 2,847га бўлинади. Мисол учун, жамоа шартномасида иш берувчи ходимнинг иш вақтида овқатланиш сарф-харажатларини у ишлаган ҳар бир тўлиқ ой учун Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган энг кам иш ҳақининг 5 баравари ҳисобидан келиб чиққан ҳолда қисман қоплаш мажбурияти акс этган. Бу ҳолда, 2019 йил 1 август ҳолатига кўра бу миқдор – 223000 х 5 = 1115000 сўмни ташкил этади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори баравари энг кам иш ҳақининг бараварига нисбатан ўзгартирилганда қўйидагича – 5 : 2,847 = 1,7562 бўлади.
Шундай қилиб, корхона бўйича овқатланиш сарф-харажатлари учун компенсацияни ҳисоблаш меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори
1,7562 барваридан кам бўлмаган миқдорда ташкил этади ва бу пул шаклида қуйидаги 634880 х 1,7562 = 1115000 сўмга тенг бўлади.
Бундан буён, мавжуд жамоа шартномаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишда, шунингдек янги жамоа шартномаларининг лойиҳалари ишлаб чиқишда устама шаклидаги тўловлар, қўшимча ҳақлар, компенсациялар, моддий ёрдамлар ва рағбатлантирувчи тусдаги тўловларнинг бошқа турлари миқдорлари белгиланган энг кам иш ҳақининг эмас балки меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори бараварида акс эттирилади.