Бухоро муҳандислик технология институтида ходимлар ва талабалар ўртасида спортнинг оммавийлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғибот қилиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Ҳар йили талабаларнинг қишки таътил кунларида профессор- ўқитувчилар ўртасида спартакиада ўтказиш анъанага айланган. Бу йилги факультетлараро институт биринчилиги спорт мусобақаларида 230 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол, баскетбол ва футбол турлари бўйича беллашдилар. Институт “Жисмоний маданият” кафедраси педагоглари спорт мусобақаларининг юқори савияда ўтказилишида жонбозлик кўрсатишди.
Муросасиз беллашувлар натижасига кўра, стол тенниси бўйича “Кимёвий озиқ- овқат технологияси” факультети, шахмат бўйича “Нефт ва газ технологияси” факультети, футбол ва волейбол бўйича “Технологик жараёнларни бошкарув тизимлари” факультети жамоаларининг қўли баланд келди. Ғолиб жамоа аъзолари касаба уюшма қўмитасининг эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Шукрулло Очилов
институт касаба уюшма қўмитаси раиси