Қонун тарғиботи — касаба уюшмаларининг муҳим вазифаси!

Бухоро вилояти ҳокимлиги, вилоят адлия бошқармаси ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 6 декабрда қабул қилинган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш бўйича қабул қилинган тадбирлар режасига мувофиқ жорий йилнинг 7 январидан 16 январига қадар  шаҳар ва туманларда Қонун тарғиботига бағишланган тадбирлар ўтказилиши мўлжалланган.

Ушбу мақсадларда 7 январь куни Бухоро давлат университетида ва Бухоро тумани ҳокимлигида, 8 январь куни Жондор ва Ромитан туманларида тарғибот тадбирлари амалга оширилди. Тарғибот тадбирларида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси М.Олимов, шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, адлия бўлимлари бошлиқлари мавзуга оид маърузалар билан қатнашдилар.

Маърузачилар томонидан қонуннинг айни пайтдаги долзарблиги  ва аҳамияти, корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмаларининг ўрни, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари ва аъзолари учун белгиланган имкониятлар, ижтимоий шериклик муносабатлари, жамоа шартномалари орқали меҳнаткашларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирлар савол-жавоб ва мунозара тарзида ташкил этилиб, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ва бошланғич касаба уюшма қўмита раислари фаол иштирок этдилар.

Тадбирларда 1200 нафардан ортиқ касаба уюшма фаоллари ва иш берувчилар қатнашдилар.

Тарғибот тадбирлари давом этмоқда.

 

А.Ахмедов,

ташкилий ишлар бўлими

бош мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email