Ватан осойишталиги, юрт фаровонлиги учун ҳар бир фуқаро бирдек масьул. Юрт олдидаги бурчни адо этишнинг катта-ю кичиги, эрта-ю кечи бўлмайди. Ҳур диёримизнинг байрамлари кўп. Деярли ҳар куни бир тантана, бир байрам. 14 январь “Ватан ҳимоячилари куни” ҳам ана шулардан бири. Бухоро давлат университетида ҳам мазкур байрам ҳамда Қуролли кучларимизнинг 28 йиллиги тантанаси арафасида бир қатор тадбирлар ўтказилди.
Жумладан, 11 январь куни Ўзбекитон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги Ф-5529-сонли фармойишлари ижросини таъминлаш мақсадида вилоят, шаҳар ҳокимликлари, жамоат вакиллари ҳамда университет маъмурияти ходимлари томонидан ватан тинчлиги, юрт озодлиги йўлида ўз жонини фидо этган марҳум ҳарбийларнинг уйларига бориб оила аьзолари билан учрашувлар ўтказилди.
Шу куни университетнинг “Иқтисодиёт ва туризм” факультетида “Мардлар қўриқлайди Ватанни” ҳамда “Табиий фанлар факультетининг “Экология ва география” кафедрасида “Ватаним – сен ягонасан” шиорлари остида факультетларнинг профессор-ўқитувчи, ишчи-ходим ҳамда талабалари иштирокида байрам тадбирлари ўтказилди.Тадбир давомида ҳарбий соҳа вакиллари томонидан соҳанинг афзалликлари ва қийинчиликлари ҳақида суҳбат ўтказилди. Сўзга чиққан “Ҳарбий таълим” факультети ўқитувчиси подполковник А.И. Ҳакимов айни вақтда шахсий таркиб орасида миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, ҳарбийларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш доимий эьтиборимиз марказида бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.
13 январь куни эрта тонгда шаҳримиз кўчаларида “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати” шиори остидаги байрам фестивали ва марафони шаҳар аҳлига кўтаринкилик бахш этди. Куннинг ярмига келганда фестивал “Спорт саломатлик гарови” шиори остидаги спорт тадбирига айланиб кетди. Тадбирда университетнинг 3 мингга яқин фаол талабалари иштирок этди.
15 январь куни университетнинг мажлислар залида “Чақириққача ҳарбий таълим” факультети ҳарбийлари ва талабалари иштирокида “Миллий армия байрами – менинг байрамим” мавзусида байрам тадбири ўтказилди. Университет ректорининг табрик сўзи ва рағбатлантириш буйруғи ўқиб эшиттирилиши билан бошланган тадбир факультет бошлиғининг ўринбосари капитан Й. Абдуллаевнинг кириш сўзи билан давом этди. Талабаларнинг давомли чиқишлари билан қизғин давом этган тадбир сўнгида факультетнинг ҳарбий профессор-ўқитувчилари университет касаба уюшма қўмитаси раиси С. Қаҳҳоровнинг табрик сўзи ҳамда қўмитанинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.