Бухоро давлат университетида ғазал мулкининг султони, асрлар оша асарлари қўллардан тушмай келаётган Мир Алишер Навоийнинг 579 йиллиги муносабати билан “Асрлардан устун, авлодларга ибрат аллома” мавзусида нафосат, ғазал кечаси ўтказилди.
Буюк алломага эҳтиром тадбирини университет маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори А.Кодиров кириш сўзи билан очди. Сўзга чиққан филология фанлари номзоди, доцент Ш.Ҳайитов Навоийнинг жаҳон адабиётидаги, ўзбек тилини дунёга танитиш борасида қанчалик юксак ўринга эга эканлигини алоҳида таькидлаб ўтди.
Бухоро шаҳридаги 32- мактаб Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари филология факультетида таҳсил олаётган талабалар томонидан алломанинг ғазаллари, улуғ зотнинг эҳтиромига бағишланган куй-қўшиқлар, Навоийнинг “Лисон-ут-тайр” асари воқеалари асосидаги саҳналаштирилган бадиий сюжет намойиш этилди.
Талаба — ёшлар Навоий, Фарҳод, Бадиуззамон Мирзоларнинг ролларини ўзгача фахр ва ифтихор билан ижро этишди.
Тадбир сўнгида фаол иштирок этганларга университет ходимлар ва талабалар касаба уюшма қўмитаси томонидан А.Навоий асарлари топширилди.
Бухоро Давлат университети касаба уюшма
қўмитаси раиси С.Қаҳҳоров