Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан иш берувчилар, корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда касаба уюшмалари вакиллари иштирокида “Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг асос солувчи Конвенциялари ва уларнинг амалиётда тутган ўрни” мавзусидаги онлайн ўқув-семинари ўтказилди.
Ўқув-семинари Zoom дастури орқали онлайн видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилиб, унда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, таълим, соғлиқни сақлаш, маҳалла, агрокластерлар ва иш берувчилар вакиллари, шунингдек Савдо-саноат палатаси, Марказий банк ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят ҳудудий бошқармалари, вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда барча тармоқ касаба уюшмалари вакиллари иштирок этдилар.
Семинарда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси М.Олимов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири, касаба уюшма ўқитувчи-тренери Ж.Тошов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекциясининг Бухоро вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори М.Арслоновлар томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг асос солувчи Конвенциялари ва уларнинг амалиётда қўлланилиши, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда касаба уюшмаларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва иш берувчилар билан ҳамкорликдаги чора-тадбирлари ва олдинда турган вазифалари тўғрисида слайд ва видеороликлар воситасида маълумот ва тушунтиришлар берилди.
Амалий семинарда Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳозирга қадар 17 та Конвенцияси ва 1 та баённомаси ратификация қилиниб, уларнинг норма қоидалари миллий меҳнат қонунчилигимиз тизимига имплементация қилингани, мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенциялар ХМТ томонидан энг кўп ратификация қилинган ва ХМТнинг асос солувчи конвенциялари ҳисобланиши, мажбурий меҳнатни олдини олиш, уюшиш эркинлиги ва жамоавий битим тузиш ҳуқуқи, шунингдек, болалар меҳнати ва иш жойидаги камситишга йўл қўймаслик муносиб меҳнатга эришишда муҳим омил эканлиги таъкидланди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификатция қилинган “Зўраки ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги, “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги, “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги, “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги, “Бирлашиш эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Жамоа музокараларини олиб бориш ва бирлашиш ҳуқуқи тўғрисида”ги конвенциялари талаблари миллий меҳнат қонунчилигимизда ва амалиётда қўлланилиши бўйича маълумотлар берилди.
Шунингдек, мажбурий меҳнатни тақиқловчи нормалар халқаро ва миллий қонунчилигимизда ўз аксини топганлиги, ушбу халқаро ҳужжатлардаги нормалар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, Меҳнат кодексида, Президентимизнинг “Одам савдосига ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топганлиги, халқаро меҳнат стандартлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигида мажбурий меҳнатга йўл қўйган шахсларга нисбатан маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланганлиги таъкидлаб ўтилди.
Онлайн семинар якунида иштирокчиларга мажбурий меҳнат
хавф-хатарларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан тавсиялар берилиб, мавзу юзасидан савол-жавоб ва муҳокамалар ўтказилди.
Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя
қилиш бўлими мудири Ж.Тошов