Тафтиш комиссияси раислари учун онлайн ўқув-семинари

Жорий йилнинг 23 сентябрь куни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан касаба уюшмалари ташкилотлари Тафтиш комиссиялари раислари ва аъзолари учун “Касаба уюшма ташкилотларида тафтиш комиссияси фаолиятини ташкил этиш усуллари” мавзусида ўқув-семинари онлайн шаклда ташкил этилди.

Ўқув-семинарида барча тармоқ касаба уюшмаларидан 75 нафар Тафтиш комиссияси раислари вилоят, шаҳар ва туман студияларидан онлайн тарзида иштирок этдилар.

Ўқув-семинарини вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари Х.Бешимов кириш сўзи билан очиб, касаба уюшмалари фаолиятида тафтиш комиссиясининг роли мавзусида маъруза қилди ва тадбирни олиб борди.

Маъруза давомида 2019 йил 6 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунини қабул қилиниши ва аҳамияти тўғрисида гапириб ўтди.

Шунингдек, тафтиш комиссияси ҳуқуқлари, уларнинг асосий вазифалари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Устави, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тафтиш  комиссияси Низомига асосан фаолият юритиши, текшириш натижаларини муҳокама этилиши, ҳужжатларни расмийлаштирилиши, комиссия фаолияти давомида юзага келадиган масалалар тўғрисида фикр билдирди.

Шундан сўнг, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тафтиш комиссияси раиси ўринбосари Л.Қурбонов Тафтиш комиссияси фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида маъруза қилиб, туман, шаҳар кенгаши тафтиш комиссиялари сайланувчи органнинг талабига мувофиқ, касаба уюшмаси қуйи тизимидаги ташкилотларнинг  молиявий-хўжалик ва бошқа фаолиятини режадан ташқари тафтиш қилиш ҳуқуқига эгалиги, касаба уюшма аъзолик бадаллари тушуми режасининг бажарилиши, тушумнинг белгиланган тартибга мувофиқ тақсимланишини назорат қилиш каби муҳим вазифа ва ҳуқуқларга тўхталиб ўтди.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши молия бўлими бош бухгалтери Ф.Рахматов касаба уюшма аъзолик бадалларидан тушган маблағларнинг тақсимоти, харажатлар сметасининг асосий йўналишлари, молиявий харажатлар учун талаб қилинадиган ҳужжатлар тўғрисида ўқув семинари иштирокчиларига маълумотлар берди.

Шунингдек, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ижтимоий суғурта бўлими етакчи мутахассиси Р.Ҳамидов ходимларни соғломлаштиришда касаба уюшма ва ижтимоий суғурта маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш мавзусида маъруза қилди.

Ўқув семинари давомида “Бухорогазсаноатқурилиш” АЖ бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари тафтиш комиссияси раиси Р.Аминов музокара учун сўзга чиқиб, тафтиш комиссияси аъзоларининг иш режаси, вазифалар тақсимоти ва келгусидаги вазифалар юзасидан фикр билдирди.

Шундан сўнг, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси, давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмалари ташкилотлари тафтиш комиссияси раиси Б.Бахромов сўзга чиқиб, республика миқиёсида тафтиш комиссияси томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Онлайн шаклда ўтказилган ўқув-семинари якунида касаба уюшмалари ташкилотлари тафтиш комиссияларининг келгусидаги вазифалар юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

 

А.Ахмедов,

Ташкилий ишлар бўлими мудири

Print Friendly, PDF & Email