Инсон кексайган сари ширин сўзга, меҳр-мурувватга ва дийдорлашишга ташна бўлиб бораркан. Айниқса, бугунги дориломон кунлар қадрига етиб, шукроналик ҳисси билан яшаб келаётган отахону-онахонлар эътибор ва ғамхўрликни ҳамма нарсадан устун қўйишади.
Октябр ойининг биринчи ҳафталиги “Кексалар ҳафталиги” доирасида таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Олот туман кенгаши томонидан ташкилот ва муассасаларда 35-40 йил ишлаб пенсияга чиққан, ҳозирда набираю-чеваралар ардоғида нафақалик гаштини сураётган 6 нафар кекса-фахрий отахону-онахонларнинг уйларига ташриф буюриб, 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. 28 нафар меҳнат фахрийларларнинг вилоятимиздаги “Етти пир” зиёратгохларига саёҳати ташкил этилди, жамоа шартномалари орқали 5 нафар пенсия ёшидаги ходимларга пенсияга чиқишдан олдин бир йўла моддий ёрдам берилди, нафақа ёшига яқинлашган 32 нафар ўқитувчиларимиз қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди, 2 нафар фахрий ўқитувчига “Жўйзар” соғломлаштириш масканига соғлигини тиклаш учун имтиёзли йўлланмалар ажратилди.
“Биз кексаларнинг меҳнатини қадрлаб, ҳурмат-эътибор кўрсатган касаба уюшмаси туман кенгашига миннатдорчилик билдираман, шу кунларга етганимиз учун шукроналар айтиб, Яратгандан юртимиз тинчлигини, юртбошимиз ва фарзандларимизнинг соғлигини сўраб дуо қиламан, -дейди 82 ёшли кекса ўқитувчи Ғани бобо Аъзамов.
Латофат Бобоева
Таълим, фан ва маданият ходимлари
касаба уюшмаси
Олот туман кенгаши раиси