ҲАМ ИШОНЧ ОРТДИ, ҲАМ МАСЪУЛИЯТ…

Қариийб ўн тўрт йилдан бери касаба уюшмаларида меҳнат қиламан. Ўтган вақт давомида фаолиятимизда табиийки, яхши-ёмон кунлар, қийинчиликлар бошимиздан ўтди. Меҳнатимиз вақтида рағбат топмаган, ишимиз силлиқ кечмаган дамларни кўрдим. Юртбошимизнинг биз, соҳа вакилларига қарата айтилган оталарча ҳароратли сўзлари, эҳтироми боис барча машаққатлар ортда қолгандай, унут бўлгандай гўё.

Ҳали ҳам диёримиздаги энг йирик жамоат ташкилотининг энг муҳим анжумани таассуротлари оғушида юрибман. Айнан қурултой чоғи ноябрнинг ўн биринчи санаси Президентимиз ташаббуслари асосида Касаба уюшмалари ходимлари куни этиб белгиланганини эшитганимда бир қувондим. У кишининг Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерациясининг саккизинчи қурултони иштирокчиларига йўллаган табрикларида Касаба уюшмалари академиясини ташкил этиш таклифи ҳам билдирилганидан шодлигим чандон ошди. Негаки кўп қиррали жабҳамиз учун замонавий билим ва малакага эга бўлган, ижтимоий муносабатлар назарияси ҳамда амалиётини, шу борадаги халқаро тажрибани пухта биладиган етук кадрларни тайёрлаш ҳаётий зарурат, жамият эҳтиёжи саналади. Бўлғуси академия айни шу йўналишдаги вазифалар татбиқига хизмат қилиши шубҳасиз.

Фаолият кўламимиз, касбий маҳорат ва билимимизни ошириш мақсадида кўрсатилаётган бундай рағбат ҳамда эътибор аслида бугунимиз ва эртамизга, бутун халқимизга нисбатан рағбат ва эътибор эканини юрак-юракдан ҳис қилдим. Зеро, тобора халқ ташкилоти ўлароқ жипслашиб, қудратли кучга айланаётган касаба уюшмалари тақдири бевосита халқимиз тақдири билан боғлиқлиги айни ҳақиқат.

Касаба уюшмасининг 374 нафар аъзоси фаолият кўрсатаётган ташкилотимизда ушбу тарихий воқеа, қурултой жараёни қизғин муҳокама қилиняпти. Давлатимиз раҳбарининг табрик хатидаги ҳар бир жумла келгуси фаолиятимизнинг истиқболини белгилайди. Муҳокамалар чоғи биз айни шу муҳим нуқтага алоҳида эътибор қаратяпмиз. Хусусан, Президентимизнинг “Сизларнинг тимсолингизда биз ана шундай жонкуяр ва фидойи инсонларни кўрамиз, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли таъминлашда сизларни давлат идораларининг яқин ҳамкори ва кўмакчиси, деб биламиз” деган сўзлари ўзимизга, салоҳиятимизга бўлган ишончни мустаҳкамлади. Қолаверса, зиммамиздаги масъулиятни янада чуқурроқ англадик.

Лола СУЛАЙМОНОВА,

Бухоро вилоят мудофаа ишлари бошқармаси

касаба уюшмаси қўмитаси раиси

Print Friendly, PDF & Email