БОР КУЧИМИЗ САФАРБАР

Юртбошимиз томонидан 2021 йил учун белгилаб берилган асосий мақсад ва режалар энг аввало, халқимиз фаровонлиги, айниқса, ёшлар камолоти, қолаверса, мамлакатимиз иқтисодий барқарор тараққиёти, халқаро майдондаги имижини янада юксалтириш учун хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Унда халқимизнинг дарду ташвиши, барча аҳоли қатламларининг муаммоси ечимига қаратилганлиги билан халқнинг диққатини ўзига тортди, десам муболаға бўлмайди. Мурожаатномада аҳамият қаратилмаган бирорта соҳа ва йўналиш четда қолиб кетмади.

Жорий йилнинг мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан бу борада тегишли давлат дастури ишлаб чиқилиб, тизимли ишларни амалга ошириш вазифаси қўйилди. Бу таклиф ва даъват ўз навбатида республикамиз давлат ҳокимияти бошқарув идоралари қаторида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги ташкилотларга ҳам катта масъулият юклаши шубҳасиз.

Бугун она халқимиз, жонажон Ватанимиз, давлатимиз раҳбари онгу тафаккури кенг авлоддан буюк ишларни кутмоқда. Мамлакатимиз олдида турган юксак мақсадлар йўлида ёшларга ҳал қилувчи куч сифатида қаралмоқда.

Мурожаатномада давлатимиз раҳбарининг “Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини, ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз. Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз” деган фикрлари биз ёшлар учун улкан ишончдир.

Айни пайтда Бухоро вилояти бўйича жами 112 мингга яқин навқирон авлод вакиллари касаба уюшмалари аъзолари саналади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномаси ҳамда Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқларида белгилаб берилган асосий мақсад ва тамойиллар асосида Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда соҳамизнинг қуйи бўғинлардаги вакиллари аниқ ва манзилли режалар тузиб, касаба уюшмалари ташкилотлари сафидаги шунча ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини, манфаатларини ҳимоя қиладилар. Шу йўсин бухоролик йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш орқали иқтидор ва истеъдодларини кенг намоён этишлари учун имкониятлар яратиб берилади. Биз бу борада ўзимизнинг бор куч-ғайратимизни, билим ва салоҳиятимизни сафарбар этамиз.

Сардор ЭРГАШЕВ,Бирлашма кенгаши раисининг

Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси

Print Friendly, PDF & Email