Бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини тузиш – дастлабки муҳим вазифамиз!

  Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 6 декабрдаги ЎРҚ-588-сонли “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида бошланғич касаба уюшма ташкилоти  бир ёки бир нечта иш берувчида ишлайдиган ёки тегишли таълим муассасасида ўқийдиган касаба уюшмаси аъзоларининг тегишли касаба уюшмаси устави асосида  фаолият кўрсатадиган ихтиёрий бирлашмаси деб белгиланган.

  Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари тизимида ҳозирги кунда 2188 та бошланғич ташкилот мавжуд бўлиб, уларда 309352 нафар касаба уюшмаси аъзоси бирлашган. Шундан, 2138 таси корхона, муассаса, хўжалик ва бошқа ташкилотларда, 4 таси олий таълим муассасаларида, 46 таси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида тузилган.

  Тармоқ касаба уюшмалари тизимида 45 шаҳар ва туман кенгаши ҳам фаолият кўрсатмоқда.

  Бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада ривожлантириш, янги ташкил этилган корхона, ташкилот ва муассасларда фаолият юритаётган  меҳнаткашларни касаба уюшмасига жалб қилиш ва шу орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек касаба касаба уюшмалари фаолияти ва унга аъзоликнинг афзалликларини кенг тарғиб қилиш мақсадида жорий йилнинг 26 февраль куни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида “Корхона, ташкилот ва муассасаларда бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини тузиш ва ходимларни касаба уюшмалари аъзолигига қабул қилиш” мавзусида ўқув ташкил қилинди.

  Ўқувни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси М.Олимов олиб борди ва маъруза қилди.

  Маърузада “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунда белгиланган нормалар асосида касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқлари, касаба уюшмалари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, касаба уюшмаларини, уларнинг бирлашмаларини, бўлимларини ҳамда бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби, иш берувчининг касаба уюшмалари фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратишга доир мажбуриятлари юзасидан тушунчалар берилди. Шунингдек, бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари тузиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш тартиблари бўйича батафсил тушинчалар берилди.

  Ўқув давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси  Кенгаши аппаратининг Бухоро вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқи инспектори М.Арслонов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари Х.Бешимовлар томонидан  тармоқ келишувлари, уставлари талаблари асосида бошланғич ташкилотларнинг тузилиши, жамоа шартномаларини ишлаб чиқилиши, қонунчиликка асосан касаба уюшмалари бадалларининг тўланиши ва ўтказилиши, касаба уюшмалари ходимларининг вакили сифатида қонунчилик доирасида ҳатти-ҳаракатлари, иш берувчи билан ҳамкорлиги каби муҳим йўналишларда фикр ва мулоҳазалар билдирилди ҳамда иштирокчилар саволларига жавоблар қайтарилди.

  Тадбирда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг вилоят бўйича масъул ташкилотчилари, бирлашган қўмиталар, шаҳар ва туман кенгашлари, йирик бошланғич ташкилотлар раислари ва бухгалтерлари ҳамда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши аппарати масъул ходимлари иштирок этдилар.

А.Ахмедов,

Бухоро вилояти касаба уюшмалари

ташкилотлари бирлашмаси кенгаши

ташкилий ишлар бўлими мудири

Print Friendly, PDF & Email
Join the gaming excitement at Glory's gaming area .