Ер юзида тирик жон борки, соғ-саломат, дардлардан фориғ бўлиб юришни ва умрини сиҳат-саломатликда кечиришни орзу қилади. Зеро етти мучаси соғ одам ҳам, бирор дардга чалинган бемор ҳам ўз саломатлиги учун қайғуради. Шунингдек, тиббиёт ходимлари ҳам халқимиз саломатлигини сақлаш йўлида беминнат хизмат қилиб, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғибот қилишни амалга ошириш борасидаги фидокорона меҳнатлари ва тиббиёт тизимидаги тинимсиз изланишлари билан ўзларини намоён қилмоқдалар.
Бутун дунё бўйлаб тарқалган коронавирус инфекцияси пандемия тусини олиб, ўтган йилнинг март ойидан юртимизга кириб келди. Ўтган давр мобайнида тиббиёт ходимлари ушбу офат билан курашишда матонат билан меҳнат қилиб келмоқдалар. Касалликка қарши курашиш, уни даволаш ва олдини олишда бир қатор ютуқларга эришилмоқда. Афсуски, бу ютуқларга эришиш йўлида йўқотишлар ҳам бўлди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан 9 май -“Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан, ўтган давр мобайнида коронавирус билан касалланиш натижасида вафот этган ҳамкасбларимизни хотирлаш, улар оиласи ва яқинлари ҳолидан хабар олиш бўйича акция эълон қилинди. Акция доирасида соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши фаоллари умумхалқ байрами арафасида марҳум ҳамкасбларининг оилаларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олишмоқда.
Худди шундай тадбирлардан бири Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали бошланғич касаба уюшма қўмитаси ходимлари томонидан ҳам ташкил этилди. Марказда беминнат фаолият олиб бориб, пандемия вақтида ўз вазифасини фидойиларча бажариш вақтида касаллик оқибатида вафот этган врач Ражабов Халил Турсунович, фельдшер Ўринов Жалил Файзиевич, катта ҳамшира Нарзиева Шахзода Тохировналар оилаларига ташриф буюрилиб, ҳамкасб дўстлари хотиралари ёдга олинди.
Шунингдек, байрам арафасида тиббиёт соҳасида самарали меҳнат қилиб, ҳозирда нафақада бўлган фахрийлар ҳолидан ҳам хабар олиниб, ёшларга мураббийлик, устозлик қилган жонкуяр устозлар билан дийдорлашилиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва байрам совғалари тақдим этилмоқда.
Л.Баракаева
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлар
касаба уюшмаси Бухоро вилоят Кенгаши мутахассиси