Бухородаги қурилишларда охирги икки йилда бахтсиз ҳодиса туфайли 30 киши ҳалок бўлган

Бухоро вилояти прокуратурасида қурилишда меҳнат муҳофазасини таъминлашда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда прокуратура ходимлари, корхона ва ташкилот раҳбарлари, қурилиш ташкилотлари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Таъкидланишича, 2017 – 2021 йилларда вилоятда жами 6 минг 553 та объектлар қурилиб фойдаланишга топширилган. Бу даврда бюджетдан 1 минг 792 та объектлар қурилиши учун 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилган. Ушбу маблағларнинг ҳаммаси ҳам мақсадли сарфланмаган. Биргина, ўтган йилда қурилиш соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари бўйича жами 29 та жиноят ишлари қўзғатилган. Жиноят оқибатида етказилган 8 миллиард сўмга яқин зарар айбдор шахслардан ундирилган. Сўнгги беш йил ичида Бухорода жами 566 та кўп қаватли турар — жой бинолари қурилган. Кўп қаватли уй – жой бинолари қурилишида қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган. 33 та турар — жой бинолари лойиҳа смета ҳужжатларида кўрсатилмаган ва рухсат берилмаган қўшимча қаватлар қурилган.

Йиғилишда вилоят прокурори Маҳмуд Истамов сўзга чиқди.

– Бугунги йиғилишнинг асосий мақсади қурилишдаги қонунбузилишлар эмас, балки у ерда ишловчи ходимларнинг хавфсизлиги ва уларнинг меҳнат муҳофазасини таъминлашдаги қўпол камчиликлар ҳисобланади, – дейди вилоят прокурори Маҳмуд Истамов. – Ушбу йиғилиш фаолиятимизни яна бир бор қайтадан кўриб чиқиш, хатоларимизни рўй — рост айтиш ҳамда уларни келгусида такрорламаслик чораларини кўришдан иборат. Эндиликда эскича услубда ишлаб бўлмайди, бунга замоннинг ўзи йўл қўймайди.

Йиғилиш иштирокчиларининг эътибори меҳнат муҳофазаси соҳаси қандай аҳволга келиб қолганлигига қаратилди. Назоратсизлик, техника — хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузилиши ортидан ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар йилдан йилга кўпайиб бораётганлиги таъкидланди. Маълум бўлишича, 2016 – 2017 йилларда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар 44 тани, 2018 – 2019 йилларда 79 тани ташкил қилган. Сўнгги икки йилда эса бу кўрсаткич 123 тани ташкил қилиб, кескин кўпайган. Энг ачинарлиси охирги икки йилда бахтсиз ҳодисаларнинг 30 таси ўлим билан тугаган.

– Бундай нохуш ҳолатларнинг кўпайиб кетишининг асосий сабаби самарали назорат тизимининг йўқлиги, қонунларнинг ишламаётганлиги ва энг асосийси жазо муқаррарлиги таъминланмаётганидадир, – деди вилоят прокурори. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини яратиш ва фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида” ги қарорида ҳар бир корхона ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мустақил таркибий бўлинма ёки ушбу вазифага масъул лавозим мажбурий тартибда жорий қилиниши белгиланган. Унга мувофиқ, бундай лавозимга олий муҳандислик-техник маълумотга, уч йиллик иш стажига ва малака сертификатига эга бўлган шахслар тайинланиши лозим. Бироқ, ушбу талаблар фақат қоғозда қолиб кетмоқда, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.

Аниқланишича, вилоятда давлат ва хусусий сектордаги 128 та корхоналарда меҳнат муҳофазаси ва техник назоратни амалга ошириш бўйича махсус ўқув курсларида ўқимаган ҳамда малака сертификатлари олмаган ходимлар фаолият олиб борган. Масалан, Бухоро шаҳридаги Ибн Сино кўчасида кўп қаватли турар-жой биноларини қураётган “Бухара эко строй сервис” масъулияти чекланган жамиятига махсус маълумот, тайёргарлик ва сертификатга эга бўлмаган шахслар техник назоратчи сифатида жалб қилинган.

Етарли билим ва малакага эга бўлмаган шахс қурилишни назорат қилиши ёхуд ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаши мумкинми? Йиғилишда шу каби камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар белгиланди. Қурилиш соҳасидаги хато ва камчиликларни келгусида такрорламаслик бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди. Мутасадди раҳбарларга аниқ вазифалар берилди.

Йиғилишдан сўнг қурилишда меҳнат муҳофазасини таъминлашда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан оммавий ахборот воситалари учун брифинг ўтказилди.

Print Friendly, PDF & Email