Гулчиликни ривожлантириш
Ромитан туманидаги “Бекзод Беҳруз Оллоберган” оилавий корхонаси 2 гектар ерда павловния дарахтини етиштириш ҳамда гулчилик хўжалигини ташкил қилиш бўйича кооперация асосида ишлаш тизимини йўлга қўймоқда. Корхона раҳбари Баҳодир Самиевнинг айтишича, 30 минг дона павловния кўчатини етиштириш учун ерга уруғ қадалган бўлиб, уруғларни кўчат ҳолига келгунича парваришлаш учун 20 нафар ишчи жалб қилинган. Бундан ташқари, гулчиликни ривожлантириш борасида ҳам йирик лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда. Айни чоғда хўжалик ерларида 50 минг туп хризантема, атиргул сингари гул кўчатлари парваришланмоқда.
Бугун касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси ўринбосари Ҳамид Бешимов, Ромитан туман ҳокими Умид Барноев билан биргаликда кооперация лойиҳаси билан танишиш мақсадида хўжалик томорқасида бўлди. Лойиҳа жараёни билан танишиб тадбиркор-деҳқонга фаолиятини ривожлантиришда кўмаклашиш мақсадида банк кредитлари олишига кўмаклашиш борасида келишиб олинди.