Ишчи-ходимлар саломат бўлсин

28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни

        Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгашининг катта мажлислар залида “Бутун жаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан “Меҳнат муҳофазаси: меҳнат муҳофазасининг ижобий маданиятини биргаликда шакллантирамиз” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.     Тадбирдан кўзланган мақсад ходимларга меҳнат шароитларини яратиш, иш ўринларининг хавфсизлигини таъминлаш, касб касалликлари ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ўзи ва оиласининг фаровонлигини таъминлашни ният қилиб уйидан чиққан ҳар бир ходимнинг соғ-саломат, кўтаринки кайфиятда уйига қайтишини таъминлашда касаба уюшмалари ташкилотлари билан давлат, нодавлат ташкилотларининг ўзаро ижтимоий шериклик асосида фаолиятини йўлга қўйишдаги билим ва тажрибаларни алмашишдан иборат бўлди.

Қайд этилганидек, ташкил этилаётган корхона ва ташкилотларда хавфсиз иш ўринлари яратилиши, мавжуд корхоналарда меҳнат қилаётган ходимлар билан содир бўлаётган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.

Семинар давомида Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни тадбиқ этилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар”, “Ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар жароҳатланишлар ва касб касалликлари таҳлили”, “Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб ускуналари жароҳатлаш ҳафталиги юзасидан аттестациядан ўтказиш ишларини ташкил этиш” мавзуларидаги маърузалар тингланди. Тадбирда вилоятимизда меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларда катта тажриба тўплаган мутахассислар иштирок этди.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили 300 миллиондан зиёд бахтсиз ҳодиса, 160 миллион касб касалликлари рўйхатга олиниб, ишлаб чиқариш билан боғлиқ ва касб касалликлари сабабли 2 миллион 780 минг аёл ва эркак ҳалок бўлмоқда, ҳар куни ўртача 6 минг 500, ҳар 15 сонияда бир нафардан одам ҳалок бўляпти. Жароҳатланиш оқибатида ходимларнинг учдан бир қисми 4 иш кунидан ортиқ иш жойида бўлмаслик билан иқтисодиётга зарар келтирмоқда.

Таҳлилларга кўра, ҳар йили иш жойларида содир бўлаётган бахтсиз ходисаларнинг ярми қишлоқ хўжалиги соҳасида, яъни бутун дунё иш кучининг деярли ярмиси машғул бўлган соҳада кузатиляпти. Бахтсиз ҳодиса оқибатида ва ишлаб чиқаришдаги зўриқиш билан ўлаётганлар инфекцион касалликлар билан ҳалок бўлаётганлар сонига тенг. Тадқиқотларга кўра, Европада 50 дан 60% гача иш вақти йўқотилиши ишлаб чиқаришдаги стресс билан боғлиқ.

Вилоятимизда ўтган 5 йиллик маълумотларга асосан, содир бўлган бахтсиз ҳодисалар сони 73 тани ташкил этиб, шундан 45 таси оғир оқибатга олиб келган, 20 таси ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларни ташкил қилади.

Корхона ва ташкилотларимизда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамоат назоратини олиб борувчи 2500 нафардан ортиқ вакиллар бор.

Шунингдек, тадбир доирасида вилоятдаги ишлаб чиқарувчи ташкилот ва корхоналар томонидан Шунингдек меҳнат муҳофазаси бўйича шахсий ҳимоя воситалари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

 

 

Ҳайитбек БАРНОЕВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилоят кенгаши меҳнат техник инспектори

Print Friendly, PDF & Email