Бухоро вилоят босқичи «Янги Ўзбекистон — янги мақсадлар»

Олий таълим муассасаларининг бакалавр таълим йўналиши талабалари ўртасида ўтказилган “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!” шиори остидаги республика эсселар танловининг вилоят ҳудудий босқичи ниҳоятда қизғин кечди. Дастлаб тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилоят кенгаши раиси М. Олимов иштирок этиб, барча иштирокчиларга муваффақият тилаш баробарида мазкур танлов ёшларни ватанпарварлик, бағрикенглик, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, жамият муаммоларига дахлдорлик туйғусини шаллантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Қайд этилганидек, танловнинг 1-факультет босқичларида иштирок этган 14936 нафар иштирокчи“Биз келажак бунёдкоримиз” мавзусидаги эсселарини нафақат ўзбек тили, балки, рус ҳамда инглиз тилларида ҳам ёзгани билан аҳамиятли бўлди. 2-олий таълим муассасаси босқичларида эса биринчи босқичда энг юқори уч ўринни эгаллаган талабалар қатнашдилар. Улар орасидан ижодкор ва маҳоратли 15 нафар ғолиб вилоят босқичига йўлланма олди. Ҳудудий босқичда улар“Янги Ўзбекистон – янги мақсадлар” мавзусида қалам тебратдилар. Ижодий ишларини Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси вилоят бўлими, вилоят халқ таълими бўлими ходимлари, профессор-ўқитувчилар, “Ишонч” газетасининг ўз мухбири ва бошқалардан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаб бордилар.

Якуний натижаларга кўра 1-ўрин Бухоро давлат университети талабаси Нигина Шодиевага, 2-ўрин Педагогика институти вакиласи Шаҳризода Фозилова ҳамда 3-ўрин университетнинг яна бир талабаси Зуфнунабегим Аҳророваларга насиб этди. Улар республикада Бухоро шарафини ҳимоя қиладилар.

Райҳон НОСИРОВА,

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Бухоро вилояти бўйича масъул ташкилотчиси

Print Friendly, PDF & Email