Ватан! Бу шунчаки оддий сўз эмас. У денгиз тубида ўз эгаларини кутиб ётган энг қимматли дуру жавоҳирлардан-да қимматбаҳо бўлган, инсонда энг инжа ҳис-туйғуларни жилолантирадиган ниҳоятда гўзал қалб гавҳаридир…».
Бухоро давлат университети талабаси Нигина Шодиева «Янги Ўзбекистон – янги мақсадлар» сарлавҳали эссесини мана шундай сўзлар билан бошлади. У ўз ижодий ишида она юрт келажаги ва тараққиёти учун бор билим, куч ва имкониятини тўла сафарбар этиши ҳақида тўлқинланиб ёзди. Шунингдек, ўзини ташвишлантирадиган муаммоларга ҳам алоҳида тўхталди: ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, она тилимизга эътиборни кучайтириш сингари долзарб масалаларни акс эттириб, уларни ҳал этиш юзасидан таклифлар билдирди.
Бухоро давлат университетида бўлиб ўтган «Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлимиз билан бунёд этамиз!» шиори остидаги эсселар танловининг олий таълим муассасаси босқичида барча факультетлардан Нигина сингари 33 нафар талаба иштирок этди.
Шартлар билан таништирилган талабалар икки соатдан зиёдроқ вақт мобайнида ижодий ишларини ёзиб тугатишди. Шундан сўнг эсселар ҳакамлар ҳайъати томонидан низом асосида баҳоланди. Унга кўра, мавзу тўлиқ очиб берилгани, тарих, бугун ва келажак ҳақидаги тасаввурга бойлиги, имловий саводхонлик, сўз бойлиги ва услубий маҳорат, амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан шахсий муносабатлар акс эттирилишига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, эсселарда хулосавий фикрлар мавжудлиги ҳамда уларни ифода этиш маҳорати мезонлар асосида баҳоланиб, энг сара учта ижодий иш муаллифи ғолиб деб топилди. Биринчи ўрин Филология факультети талабаси Нигина Шодиевага, иккинчи ўрин худди шу факультет талабаси Зуфнунабегим Аҳроровага ҳамда учинчи ўрин Санъатшунослик факультети талабаси Гулираъно Суннатуллоевага насиб этди.
Бухоро муҳандислик-технология институтида ҳам танловнинг биринчи ва иккинчи босқич жараёнлари якунланди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан чиқарилган якуний баҳолаш натижаларига кўра, Энергетика факультетидан Алишер Тўймуродов энг юқори балл билан 1-ўринга лойиқ деб топилди. Кимёвий озиқ-овқат факультети талабаси Гуласалхон Рашидова ҳамда Технологик жараёнларни бошқариш ва автоматлаштириш факультети талабаси Меҳрангиз Худоёровалар 2 — ва 3-ўринларни эгаллади.
Ғолиблар ва уларнинг устозларига касаба уюшмаси ташкилотининг дипломлари, эсдалик совғалари топширилди.