Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш-халқимизга хос эзгу фазилат”дир. Айниқса, бутун умрини инсон манфаатларини ҳимоялаш, унинг оғирини енгил қилишдек эзгу ишларга бағшида этган кексаларимиз ҳар қанча иззат-икромга, эъзозларга , ардоқлар ва эҳтиромларга сазовордирлар. Уларнинг ҳаёт йўллари авлодлар учун ибрат мактабидир.
Луция Ҳамидова ана шундай ёши улуғ, қадри баланд онахонларимиздан бири. Давлат муассасалари тармоқ касаба уюшмаси вилояти қўмитасида раис ўринбосари, кейинчалик тармоқ раиси сифатидаги фаолияти давомида касаба уюшмаси аъзоларининг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий шерикчиликни ривожлантириш, бошланғич ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатиш, касаба уюшмалари фаолларини ўқитиш борасида салмоқли ишларни амалга оширган.
Бугун, 9-август куни Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Луция Ҳамидованинг қутлуғ 80 ёшга тўлганлиги муносабати билан “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди.
Унда вилоят Кенгашида фаолият олиб борган меҳнат фахрийлари ва айни пайтда самарали хизмат кўрсатиб келаётган ходимлар иштирок этдилар.
Учрашув аввалида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят Кенгаши раиси М.Олимов ҳамда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Р. Носирова, Бирлашма ёшлар Кенгаши раиси Д. Жўраевлар сўзга чиқиб, Луция Ҳамидованинг ибратли ҳаёт йўли, салмоқли фаолияти, раҳбар ва аёл сифатидаги фазилатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Онахонни қутлуғ ёш билан қутлаб, самимий тилакларини билдирдилар.
Вилоят Кенгаши матбуот хизмати