Мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририяти ташаббуси билан “Ишонч кунлари” шиори остида учрашувлар ўтказилмоқда. Муштарийлар талаб ва таклифларини тинглаш, улар билан юзма-юз мулоқот қилиш, муаммоларига қулоқ тутиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирга ижодкорлар, олий таълим муассасалари вакиллари, касаба уюшмалари фаоллари ва газета муштарийлари қатнашдилар.
Тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси Муҳаммадқосим Олимов очиб берди. Ишонч газетаси саҳифаларида бериб борилаётган ранг баранг мавзудаги газеталар чуқур мазмунли танқидий-таҳлилий материаллар газетанинг йил сайин мухлислари сони ортиб боришига сабаб бўлаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.
“Ишонч” ва “Ишонч-доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов муштарийлар билан очиқ ва самимий мулоқотга киришар экан, бу каби учрашувлар газетхонларимиз талаб ва истаклари асосида нашр мазмун-моҳиятини янада бойитишга хизмат қилади, деб таъкидлади.
Тадбир доирасида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда қизиқарли викторина асносида ўн нафар фаол иштирокчи қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Учрашув доирасида Журналистлар уюшмаси Бухоро вилояти ҳамда Тошкент шаҳар бўлимлари, шунингдек, “Ишонч” газетаси ва “Бухоронома” газеталари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.