Муносиблар шоҳсупада

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2022 йилнинг 1 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида хотин-қизларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш борасидаги долзарб вазифалар белгилаб берилган эди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ушбу вазифаларни хаётга тадбиқ этишда фаол иштирок этиб келаётган турли соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида  “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг намунали иш берувчи аёл”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” ва “Энг яхши ёшлар етакчиси” республика танловлари эълон қилинган. Ушбу танловларнинг қуйи босқичлари май-сентябрь  ойлари давомида ўтказилиб, бугун танловнинг вилоят босқичи ғолиблари ва фаол иштирокчилари рағбатлантирилди.

Тадбирни Ўзбекистон Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси  Республика кенгаши раиси Шуҳрат Шуҳрат Деҳқонов ва касаба уюшмалари Бухоро вилояти  Кенгаши раиси  Муҳаммадқосим Олимов очиб бердилар.

  Қайд этилганидек, 2022 йилда “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимининг 3-босқичига вилоятдаги  544 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 348 минг та хонадонларга кириб чиқилиб, 391 минг 887  нафар 30 ёшдан ошган хотин-қизлардан 371 минг 12 нафарининг муоммолари ўрганилди ҳамда  37 минг 912 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг мавжуд муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида  улар аёллар дафтарининг 3-босқичига киритилди. Учинчи босқичга киритилган “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар билан олиб борилган ишлар натижасида, жорий йил 10 октябрь  ҳолатига дафтарга киритилган 35 минг 88 нафар хотин-қизларга тегишли амалий ёрдамлар кўрсатилиб, уларнинг муаммолари ҳал этилди.

Ана шундай кенг кўламли ишларни амалга оширишда жонбозлик кўрсатган масъуллар“Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг намунали иш берувчи аёл”, “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли”,  “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”  республика танловининг вилоят босқичида иштирок этишди. Улар орасидан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этишда ўзининг фидокорона меҳнати билан барчага намуна бўлиб энг юқори балл тўплаган муносиб номзодлар комиссия аъзолари томонидан аниқлаб олинди ва ғолиб сифатида эътироф этилди. 

“Энг яхши сектор раҳбари” номинацияси бўйича 1-ўринни Вобкент туман ҳокими Фарҳод Умаров, “Энг намунали иш берувчи аёл” йўналишида Когон шаҳри “MRR NEW STAR 2020” МЧЖ раҳбари Амина Рамазонова, “Энг яхши маҳалла раиси” номинацияси бўйича Ромитан тумани “Ўзбекистон” МФЙ раиси Худоёр Тешаев, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” номинацияси бўйича Бухоро шаҳри “Янгиобод” МФЙ хотин -қизлар фаоли Мадина Негматова, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” йўналишида Когон шаҳри “Арабхона” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Лола Жўраева ҳамда “Энг яхши ёшлар етакчиси” йўналишида Ромитан тумани “Тарнаут” МФЙ ёшлар етакчиси Миршодбек Бозоровлар эгалладилар. Ғолиб ва совриндорлар қимматли пул мукофотлари билан тақдирланди. 1-ўрин соҳиблари республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Print Friendly, PDF & Email