Улар касаба уюшмаларидан миннатдор

      Бухоро шаҳридаги икки нафар МТТ мудираси, “Ўзавтотранс” акциадорлик жамияти иқтисодчиси, Қоракўл туманидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари, “Бухвилерлойиҳа” илмий тадқиқот маркази муҳандиси, “Суннат Акмал” корхонаси оператори, Жондор тумани “Занги” МФЙ хотин-қизлар фаоли, Ромитан туман 26-сон имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб интернати ҳамшираси… Бугун меҳнат фаолиятини эмин-эркин давом эттираётган мана шу инсонларнинг ҳар бири касаба уюшмаларидан миннатдор. Сабаби, ўтган йил меҳнат инспекторлари аралашуви ва бевосита ёрдами билан улар ўз ишига қайта тикланди. Етказилган маънавий зарар ва мажбурий прогул кунлари учун маблағлар ундириб берилди.

Масалан, “Бухвилерлойиҳа” бўлинмасининг муҳандиси М.Ҳамроеванинг меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинган. Ваҳоланки, Ҳамроева бу вақтда меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўлган. Энг қизиғи, шартнома бекор қилинишига асос бўлган ҳолат ташкилот ички тартиб-қоидаларида белгиланмаган. Касаба уюшмалари вилоят кенгаши аралашуви билан низо бўйича судга даъво аризаси киритилди. Табиийки, суд ғайриқонуний қарорни бекор қилиш бўйича қарор чиқарди. Ҳамроева ишга тикланди.

Яна бир мисол. Бухоро шаҳридаги 3-сонли мактабгача таълим ташкилоти директори З.Ҳафизованинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ ғайриқонуний деб топилиб, касаба уюшмалари аралашуви билан мудира ишга тикланди. Унга 3,8 миллион сўм иш ҳақи ва 1,6 миллион сўм маънавий зарар учун компенсация тўловлари ундириб берилди.

– Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ўтган йили ижобий натижалар қайд этилдли, – дейди Бухоро вилоят кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори Мурод Арслонов. – Масалан, иш берувчиларга 18 та кўрсатма, суд, прокуратура ва бошқа ташкилотларга 25 та ҳуқуқий хулоса, туман, шаҳар ва вилоят судларига 5 та даъво аризаси, апелляция шикоятлари киритилди. Натижада 35 нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланди, уларга 484,9 миллион сўмлик тўлов ундириб берилди. 

      Бундан ташқари, мурожаатчиларнинг бола парвариши таътилидан сўнг ўз иш жойига ишга қайтиш, меҳнат таътиллари берилишини таъминлаш, бекор туриб қолинган вақт учун тегишли маблағ суммаси ундириб бериш,  собиқ ходимларга компенсация тўлови, ишдан бўшатиш нафақаси ва моддий мадад тўловларини ундириш сингари масалалари ижобий ҳал қилинди.

Кечагина 12 январь куни олий суд томонидан кўриб чиқилган аппеляция инстанциясида яна бир можарога нуқта қўйилди. “Лукойл Узбекистан оперейтинг компани” МЧЖ бош директори ўтган йил апрель ойида ташкилот ҳайдовчиси Ҳ.Джумаевнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруққа имзо чеккан. Унинг меҳнат интизомини бир марта қўпол равишда бузиши бунга асосий сабаб сифатида кўрсатилган.

Бироқ Ҳ.Джумаев бу пайтда ташкилот раҳбарининг тегишли буйруғига асосан меҳнат таътилида дам олаётган эди. Қолаверса, у меҳнатга лаёқатсизлик даврида ҳам бўлган.  Қонун талабларига кўра, бундай даврда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш мумкин эмас. Аммо ҳайдовчи ғайриқонуний буйруқ чиқарилиши оқибатида ишсиз, моддий даромад манбаисиз қолган.

       Вилоят кенгаши аралашуви билан иш судга оширилди. Суд ходимнинг ҳақлигини тан олди. Апелляция инстанцияси ҳам биринчи инстанция судининг қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Ниҳоят, олий суд томонидан кўриб чиқилган сўнгги аппеляция инстанцияси ҳам ходимнинг фойдасига ҳал бўлди. Энг муҳими, яна бир ходим касаба уюшмалари фаолиятидан рози бўлди.

     Меҳнат инспекторларининг шу каби амалий ишлари мисолида кўриш мумкинки, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларда касаба уюшмаларининг ўрни йил сайин ортиб бормоқда.

Print Friendly, PDF & Email