“…Барча тиббиёт ходимлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан бепул ўтказилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда тиббиёт ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун зарур маблағларни доимий равишда тиббиёт муассасаларининг харажатлар сметасида кўзда тутилишини таъминласин…” Президентимизнинг 2022 йил 17 майдаги “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 4-бандида мана шу вазифалар белгилаб қўйилган. Аммо баъзи идора ва ташкилотларда фармон ижросига панжа остидан қараш ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Бухоро вилояти бўйича меҳнат техник инспектори Иброҳим Бердиев томонидан Газли шаҳар касалхонасида олиб борилган ўрганишлар жараёнида худди шундай ҳолат аниқланди. Гап шундаки, шифохона маъмурияти томонидан Меҳнат кодексининг 214-моддаси ҳамда “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом” талаблари қўпол равишда бузилиб, 36 нафар ходим ўз маблағи эвазига тиббий кўрикдан ўтказилган. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу Президент фармонига ҳам зид ҳаракатдир. Яъни барча тиббиёт ходимлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан бепул ўтказилиши шарт. Бунинг учун вилоят молия бўлимидан туман молия бўлимига маблағ йўналтирилган бўлса-да, муассаса учун бундай маблағ ажратилмаган. Меҳнат техник инспектори томонидан туман молия бўлимига чиқимдор ходимларга пулларини қайтариш юзасидан талаб қўйилди. Натижада Ромитан туман молия бўлимидан ушбу мақсад учун 6 000 000 сўм маблағ ажратилишига эришилди. Бироқ шунга қарамай, ходимларнинг харажатлари қайтарилмади. Шу сабабли фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судига Газли касалхонасига нисбатан ходимлар манфаатини ҳимоя қилган ҳолда даъво аризаси киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, даъво талаби қаноатлантирилиб, 36 нафар тиббиёт ходимига харажатларни ундириб бериш бўйича қарор чиқарилди. Натижада туман молия бўлимидан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиши учун 6000000 сўм ва 36 нафар ходимга 1 360 000 сўм миқдорида сарфланган тўловлари қайтариб берилишига эришилди.
Дилдора ИБРОҲИМОВА, “ИШОНЧ”мухбири