ЯНГИ МЕҲНАТ КОДЕКСИ -ХОДИМЛАР МАНФААТИДА

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалида ўтқазилган давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269- сонли Фармони, ПҚ-447- сонли Қарори ҳамда янги тахрирдаги Меҳнат Кодексининг мазмун-мохияти тушунтирилиб, унда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қатори меҳнат муносабатлари тизимида ҳам сезиларли ўзгаришлар амалга оширилиб  қонунчилик, норма ижодкорлиги ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги иштирокчиларга билдирилди.

Меҳнат соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга бўлиб, амалдаги меҳнат кодекси 1995 йилда қабул қилинганлиги ва замонавий воқеликка мос келмаслиги, ушбу кодекс фуқароларни меҳнатга жалб қилишнинг янги шаклларини назарда тутмаслиги боис янги таҳрирдаги меҳнат кодекси ишлаб чиқилиб, давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланди.

Янги таҳрирдаги меҳнат кодексида бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилган бўлиб, ушбу Меҳнат кодекси мамлакатимизда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида мамлакатимиз меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилайди ва келажакда кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган аҳоли меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишга имкон беради. Расмий ва норасмий тармоқда мавсумий иш билан банд бўлганларнинг меҳнат ҳуқуқларини тартибга солишдаги бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этади. Меҳнат муносабатларида коррупция хавфи камайиб, “Ягона миллий меҳнат тизими” рақамлаштирилади.

Ушбу кодекс билан гендер тенглик, нейтраллик тамойиллари, имконияти чекланган шахсларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи таъминланади. Иш берувчиларнинг меҳнат бозоридаги янги меҳнат турларидан фойдаланиш имконияти яратилади, меҳнат шартномаси турлари кенгайтирилади ва норасмий тармоқларда ишловчиларни легаллаштиришга эришилади.

Амалдаги Меҳнат кодекси бозор иқтисодиётига ўтиш вақтида қабул қилинган бўлиб, ўша кезларда кодексда хусусий сектор улуши атиги 21 фоиз бўлган, ҳозир эса 83 фоиздан ошган. Амалдаги меҳнат кодексида муддатли меҳнат шартномасини тузиш учун фақат учта асос мавжуд. Янги Меҳнат кодексида эса 19 та асос келтирилмоқда. Бундай нормаларнинг кенгайиши бизнес юритиш ҳамда жадал суръатларда ўзгарувчан бозор шароитларига тезкор мослашиш имконини беради. Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси меҳнат муносабатлари соҳадасиги қатор муаммоларни, меҳнат бозоридаги вазиятни инобатга олиб, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда, қонуний ҳал қилиш имконини беради.

 

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгашининг Бухоро вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори   Ҳ.Чориев  

Print Friendly, PDF & Email