Ёзги таътилни болажонлар интиқлик билан кутади. Боиси таътил давомида уларни сўлим табиат қўйнидаги хушманзара оромгоҳлар қарши олади.
“Ёш алоқачи” болалар дам олиш оромгоҳида ҳам биринчи мавсумда 120 нафар бола дам олдирилди. Мавсумда 600 нафар болани дам олдириш режалаштирилган бўлиб айни кунда 2-мавсум давом этмоқда. Ушбу масканда “Ўзбектелеком” АК “Бухоротелеком” филиали тасарруфида фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг фарзандлари билан бир қаторда “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да қайд этилган ота-оналар фарзандлари ҳамда оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари ҳам имтиёзли ҳордиқ чиқармоқда.
Бугун оромгоҳ фақатгина жисмоний соғломлаштириш маскани эмас, балки фарзандларимизнинг маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш марказлари сифатида ҳам фаолият юритади. Янгича ёндашув асосида ишлаб чиқилган махсус дастурлар бўйича оромгоҳда тарбиявий йўналишлардаги ишлар ва тадбирлар мазмуни тубдан янгиланиб, маънавий жиҳатдан бойитилмоқда.
Оромгоҳ болажонларини бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва шу билан бирга бой маданий тарихимиз ва буюк аждодларимиз қолдирган тарихий ёдгорликлар билан таништириш мақсадида “Арк қўрғони”га саёҳатлари ташкил этилди. Саёҳат болажонларга кўтаринки кайфият бағишлади ва мароқ билан дам олган болажонларнинг саёҳат чоғида ўтказган ҳар бир дақиқаси бир умр эсдан чиқармайдиган бўлди.