Ёз фасли ўзининг оромбахш таровати билан киши кўнглига завқ бағишлайди. Жазирама иссиқ кўпчиликни табиат қўйни, дам олиш масканлар сари чорлайди. Болажонлар эса ёзги таътилда мириқиб ҳордиқ чиқариш учун оромгоҳлар бағрига ошиқадилар. Бухоро вилоятида жажжи ўғил-қизларимизнинг мароқли дам олишини таъминлаш учун айни чоғда 143 та стационар оромгоҳ ва соғломлаштириш майдончалари фаолият олиб бормоқда. Мавсум давомида бу масканлар 18 минг 435 нафар ўқувчига хизмат кўрсатади. Бунинг учун 8,6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши режалаштирилган. Стационар оромгоҳларда 5 сменагача, соғломлаштириш майдончаларида 3 сменагача болаларни дам олдириш кўзда тутилган.
Албатта, бу ишларнинг барчаси ўз-ўзидан амалга ошмайди. Мавсумни талофатсиз ўтказиш, дам олувчиларга сифатли ва ёқимли ҳордиқ завқини улашиш учун пухта тайёргарлик кўриш ниҳоятда муҳим. Шу сабабли Федерациянинг Бухоро вилоят кенгаши ҳузурида оромгоҳларнинг ёзги мавсумини ташкил этиш ҳамда уни ўтказишга масъул махсус штаб иш бошлаган.
1 июнь санасида воҳамиз болалари учун ёз масуми оромгоҳлари ўз фаолиятини бошлади ва айни чоққа қадар уларда 11000 нафардан зиёд бола дам олдирилди.
Тинчлик-хотиржамлик ва хавфсизлик – дам олиш учун энг муҳим бўлган масаладир. Бунинг учун оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ҳар бир оромгоҳда навбатчилик қиладиган 33 нафар ички ишлар, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг малакали ходимлари хизмат олиб бормоқда.
Мавсумни сифатли ташкил этиш мақсадида мутасадди бошқарма ва идораларнинг ходимларидан иборат тузилган ишчи гуруҳи томонидан ҳар бир сменада камида бир марта оромгоҳлар фаолияти ўрганилиб, муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилаётгани иш самарадорлигига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатаётир.
Бу йилги ёз мавсумида вилоятдаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолиятини камида 5 сменада ташкил этилиши, “Қуёш нури” оромгоҳида қўшимча яна битта ётоқхона биносининг ишга туширилиши, “Жўйзар” дам олиш маскани базасида оромгоҳ ташкил этилиши натижасида қувват 180 тага ошди ва 5 сменада 900 нафар бола қўшимча равишда оромгоҳларга жалб этилмоқда. Бундай самарали ишлар натижаси ўлароқ 2022 йилда оромгоҳларга болалар қамрови 6500 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йил бу рақамлар 7260 тага етиши белгиланган.
Бундан ташқари “Жўйзар” дам олиш маскани базасида ташкил этилган оромгоҳда 250 нафар болани дам олдириш баробарида соғломлаштириш ҳам кўзда тутилган. Қувонарлиси, бу ерда болалар ота-оналари билан бирга дам олишлари учун имконият яратилган.
Айни чоғда вилоятимизда яна бир янги замонавий, 200 ўринли оромгоҳ қурилиши жадал давом этмоқда. 2024 йилда мазкур маскан фойдаланишга топширилиши ҳисобига қамров 1000 нафарга ошиши режалаштирилган.
Адолат АКРАМОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари