Ташвишлардан йироқда
Ҳаёт синовлари қизиқ экан-да! Бошингга минг кўргулик солиб синовдан ўтказаркан. Ташвишлар гирдобида оромингни йўқотиб, умринг сувдай оқиб кетаётганини сезмай қолар экансан. Биз ҳам тақдир синовларидан бенасиба қолмадик. Узоқ йиллардан бери фарзандсизлик муаммосидан қийналамиз. Албатта, шифокорлар кўригида бўлдик. Аммо Яратганнинг иродаси, уларнинг ҳеч биридан натижа чиқмади. Ҳаммасига қўл силтаганча тушкунликка тушиб юрганимда касаба уюшмаларидан таклиф бўлди. Даволаниш учун “Умид гулшани” санаторийсига бепул йўлланма берамиз, дейишди. Бу – Мустақиллик байрами муносабати билан ишчи аёлларни соғломлаштириш бўйича эълон қилинган акция доирасидаги йўлланмалардан бири экан. Жуда ҳам хурсанд бўлдим. Зора, шу сабаб бўлса-ю узоқ йиллик орзуимиз рўёбга чиқиб, биз ҳам фарзанд неъматига етсак, деган яхши ният билан санаторийда даволандик. Ҳам маданий ҳордиқ, ҳам саломатликни тиклаш деганларидек, бироз бўлса-да ташвишлардан йироқлашганимиздан хурсандман. Бунинг учун ташаббускорлардан миннатдорман!
Айтмоқчи, биз билан бирга яна икки бухоролик ишчи аёл худди шундай йўлланма билан биз билан биргаликда даволаниб қайтишди.
Салима АННОҚОВА,
Бухоро шаҳри