Улуғбекни кўриб қайтаман…

Яқинда Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси фаолиятини юритишда фидокорона меҳнат қилган 50 нафар бошланғич қўмита раисининг Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкил этилди. Кўҳна ва навқирон шаҳарнинг ўтмиш ва бугунни туташтирган гўзал манзаралари бизни маҳлиё этди. Самарқанд дунёда бориб кўрилиши лозим бўлган шаҳарлардан бири сифатида эътироф этилиши бежиз эмаслигини яна бир карра ҳис этдик. Дастлаб Самарқанд сити номи билан танилаётган янги шаҳарда мириқиб сайр қилдик. Бу ердаги кўнгилочар манзиллар, гўзал хиёбонлар, ноодатий қурилишга эга замонавий бинолар эътиборимизни тортди. Шундан сўнг мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилдик. У қолдирган обод ва озод Ватан учун унга қалбан миннатдорлик билдирдик. Самарқанднинг эски шаҳар қисми Темурийлар салтанатининг бизгача етиб келган гўзал ёдгорликлари билан беқиёс қадр-қимматга эга. Регистон майдони, Бибихоним мадрасаси, Шоҳи Зинда, Амир Темур мақбаралари… Айниқса, салтанатнинг энг одил ва олим ҳукмдорларидан бири Мирзо Улуғбек расадхонаси ва унга атаб барпо этилган ҳайкал ёнидан ўтганда Улуғбекнинг фожеали тақдири билан боғлиқ воқеалар кўз олдимизда жонланди, гўё. Қалбларни титроқ босди. Беихтиёр ўша машҳур қўшиқ диллардан тилларга кўчди: Самарқандга борсам мен агар, Улуғбекни кўриб қайтаман…

Зарнигор САИДЖОНОВА,

Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси вилоят бирлашган қўмита бош мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email