Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бухоро вилоят бўлими ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмаси Бухоро вилоят Кенгаши ҳамкорлигида бир гуруҳ бухоролик журналистлар очиқ осмон остидаги музей шаҳар – кўҳна Хива шаҳрига ташриф буюрдилар. Журналистлар мезбонлар томонидан илиқ қарши олинди ва улар шаҳардаги “Хоразм палас” меҳмонхонасига жойлаштирилди. Бу ердаги хизматлар, миллий таомлар ва ходимларнинг ширинсухан муомаласи меҳмонларга манзур бўлди.
Саёҳат давомида журналистлар Хоразм вилоят телерадиокомпаниясида бўлишди. Улар бу ерда журналистларга яратиб берилган шарт-шароитлар, вилоят телевидениесининг ахборот узатишдаги янгидан-янги имкониятлари билан итанишдилар.,
– Шариф шаҳардан замонавий автобусда кўҳна Хоразм сари йўл олар эканмиз, уюшманинг Бухоро вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил қилинган пресс-тур ва саёҳат борасида суҳбатлашиш асносида Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари шарафига қурилган муқаддас қадамжони зиёрат қилишимиз ҳам мумкинлигини эшитиб, хурсанд бўлдим. Мазкур обидани яқиндан кўргач эса қалбимда улуғ аждодларга бўлган ҳурматим янада ортди. “Хоразм” телерадиокомпаниясига борганимизда бундан анча йиллар муқаддам телевидение соҳасида ишлаган пайтларимни эсладим, – дейди “Ромитаннома” газетаси бош муҳаррири Махфират Атоева.
Шундан саёҳатчилар Шовот туманида жойлашган Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳига ташриф буюришди, улуғ пир ҳақига Қуръон оятларидан тиловат қилинди. Тасаввуф оламининг намоёндаси ва ушбу қадамжо ҳақидаги маълумотлардан бохабар бўлишди. Авлиё қабрини зиёрат қилиб, мажмуада сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишдилар.