Маънавий-маърифий соҳани замон талаблари асосида ташкил этиш, меҳнаткашлар ва ёшларни ҳаётга онгли муносабатини шакллантириб бориш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш ва турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, унинг аъзо ташилотларининг муҳим йўналишларидан биридир.
шбу устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 10 июль куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилоят кенгаши ташаббуси билан бутун мусулмон олами ва туркий дунё тарихида чуқур из қолдирган жадидчилик ҳаракатини ўрганишга бағишланган “Янги Ўзбекистон – жадидлар ғояларининг меросхўри” мавзусидаги конференция бўлиб ўтди.
Конференцияни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят кенгаши раиси Муҳаммадқосим Олимов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган кадрлар зарурлиги ва ушбу кадрларни етиштиришда касаба уюшмалари олдида турган вазифалар тўғрисида гапириб ўтди.
Конференция давомида жадидчилик тарихи, ёшларда толерантликни шакллантиришда Бухоро жадидлари маънавий- фалсафий меросининг ўрни каби мавзулар муҳокама этилиб, жадид маърифатпарварларининг ғояларини “Ўтмиш, бугун ва келажак” концепцияси асосида таҳлил қилиш ҳамда уларни тизимлаштиришда касаба уюшмаларининг роли мавзусида амалий машғулотлар ташкил этилди.
Шунингдек, тадбир доирасида жадидчилик ҳаракатининг ривожланиши, қадриятлар учун курашиши, бостирилиши ва Янги Ўзбекистон замонида ушбу ғояларнинг қайта дунёга келишига бағишланган “Жадидлар мероси” экспозициясининг намойиши бўлиб ўтди.