“11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан

11 ноябрь – касаба уюшмалари ходимлари куни муносабати билан ҳар йили жойларда тантанали маросимлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилади. Шунинг баҳонасида касбдошлар, даврадошлар дийдор кўришадилар, кемтик дилларга малҳам бўлиш учун ногиронлар сўроқланади, кексалар, пенционерлар ҳолидан хабар олинади. Бухоро вилоятида ҳам ноябрь ойи байрам тадбирлари билан бошланди десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Биргина таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари Бухоро вилоят кенгаши тизимидаги таълим масканларида учрашувлар, мулоқот ва  кечалар ташкил этилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири 2 ноябрь куни Пешку туманидаги 16-умумтаълим мактабида «Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари» шиори остида бўлиб ўтди.

-Тадбирга жамоамиздаги барча педагог ва ишчи ходимлар жалб қилинди, — дейди мактабнинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Оқила Аслонова. – Айниқса, М.Нозирова, Н.Қурбонов, Т.Истамов, Н.Ҳабибов сингари фахрий устозларнинг ташрифи даврамизга ўзгача файз олиб кирди. Фахрийларимизга эҳтиром кўрсатилиб, бир пиёла чой устида меҳмон қилинди. Уларга ва касаба уюшма фаолларига туман бўлинмаси кенгашининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Бухоро вилоят кенгаши ташаббуси билан санага бағишлаб ўтказилган тадбирлар ҳам эътиборга лойиқ.

-Яқиндагина «Мурувват» ногиронлиги бўлганлар учун аёллар интернат уйида ишчи ходимлар ўртасида спортнинг шахмат-шашка турлари бўйича касаба уюшмаси биринчилиги спорт мусобақаси ташкил этилди, — дейди кенгаш бош мутахассиси Туроб Қулиев. — Ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Шунингдек, вилоят судларида “Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Ташкилотчилар мавзуга доир маърузалар билан чиқиш қилдилар. Тадбир якунида йил мобайнида ўз фаоллиги билан касбдошларига ибрат бўлган Бухоро вилоят Судлари бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Азизбек Сафаровга фахрий ёрлиқ ва совғалар топширилди. Бу каби тадбирлар вилоят марказий банки бошқармаси, фавқулодда вазиятлар бошқармаларида ҳам ташкил этилди.

Aгросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши ҳам бу каби ташаббуслардан четда қолмаяпти. Яқинда “Варнет» боғида сана муносабати билан “Яшил иқтисодиёт бўйича касаба уюшмалари олдида турган вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда тармоқ касаба уюшмалари фаоллари қатнашдилар. Учрашувда иштирокчиларга яшил иқтисодиётда инсон, табиат ва иқтисодиётнинг бир-бири билан уйғун ва барқарор ривожланишини таъминлаган ҳолда ҳаракат қилиш, сўнги йилларда амалга оширилаётган соҳадаги саъй ҳаракатлар ҳақида сўз юритилди.

Муҳими, 11 ноябрь санаси йилдан йилга мавқеини мустаҳкамлаб, том маънодаги умуммиллий байрамга айланиб бораётир.

Абира ИМОМОВА,

Федерация Бухоро вилоят кенгаши мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email